2024 йил 25 декабр куни Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига қарашли Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди.

Оқибатда самолёт бортида бўлганлардан 38 нафар одам ҳалок бўлди. 29 киши тирик қолди. Ҳодисадан бироз ўтиб, айрим тафсилотлар айтилди. Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Embraer E190 томонга ракета учирган ва самолёт яқинида портлаб, фюзеляж қопламасига зарар етказган.

Шундан сўнг учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаган. Экипажга Каспий денгизи орқали Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган.

Ҳодиса юзасидан Владимир Путин Илҳом Алиевдан узр сўради. Бироқ Озарбойжон томони самолётга зарба берганлар жазоланишини ва Россия товон пули тўлаб бериши кераклигини талаб қилмоқда.

Яқинда AZAL самолёти ҳалокати бўйича якуний ҳисобот йил охиригача эълон қилиниши айтилди. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талабларига кўра, авиаҳалокат терговига бир йил вақт ажратилади.

Аввалроқ, Kun.uz’да СССР ва Россия томонидан уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида маълумот берилди. Қуйида фуқаро авиацияси тарихида турли йилларда уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида маълумотларни келтириб ўтамиз.

1938 йил 24 август. АҚШлик учувчилар томонидан бошқарилган, Хитой авиакомпаниясига қарашли Douglas DC-2 самолёти Ҳонгконг-Учжоу йўналишида парвоз қилаётганда японлар томонидан уриб туширилган.

Оқибатда унинг бортида бўлган 17 кишидан 14 нафари ҳалок бўлган, 3 нафари тирик қолган. Ҳалок бўлганлар орасида хитойлик уч нафар бой банкир ҳам бўлган.

Ушбу Douglas фуқаро авиация тарихида уриб туширилган йирик ўлчамли илк йўловчи самолёти ҳисобланади.

1940 йил 14 июн. Таллиндан Хелсинкига парвоз қилган Финландиянинг Aero авиакомпаниясининг Junkers Ju 52 самолёти СССР томонидан Фин кўрфази яқинида уриб туширилади.

Ўша пайтда совет-фин уруши тугаганига 3 ой бўлганди. Бу уруш туфайли анча ҳудудидан айрилган Финландия ҳукумати икки давлат ўртасидаги муносабатни яна кескинлаштиришдан қўрқиб СССРга қарши расмий норозилик билдирмайди.