Украинада улкан миқдорда ўта нодир ва муҳим ерости минераллари конлари мавжуд, аммо уларнинг кўпчилиги Россия қўшинлари босиб олган ҳудудларда жойлашган. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ раҳбарияти Россияга қарши урушда уларни қўллаб-қувватлаши учун Украина бу ресурсларни бериши керак.

«Мен Украинага 500 млрд долларга яқин эквивалентидаги нодир ерости металларини қўлга киритишни истаётганимни айтдим, улар моҳиятан бунга рози бўлишди», деганди Трамп 10 феврал куни Fox News мухбири Брет Байерга.

Украина президенти Володимир Зеленский аввал бу таклифни «жиддий эмас» деб баҳолади, «мамлакатни сота олмаслиги»ни билдирди, Аммо сўнгги ҳафталарда АҚШнинг Киевга босими тобора ортиб бора бошлагач, Зеленский 26 февралда бу бўйича келишув муҳокама қилинаётгани ва АҚШ ёрдамини давом эттириш учун бу битим муҳим эканини билдирди.

Трампнинг таклифи АҚШ учун Украина фойдали қазилмалари аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатмоқда. Лекин бу металлар АҚШга нега керак ва нима бера олади? BBC шу саволларга жавоб излади.

Донецк ва Луҳанск областларидаги Белокузминовка бўр қоялари Украинадаги энг қимматли минералларнинг уйидир.

Нодир металлар нима ўзи ва нега улар муҳим?

Нодир ерости металлари — бу кимёвий жиҳатдан ўхшаш 17 та унсур учун умумий термин бўлиб, улар юқори технологияли ишлаб чиқариш ва саноат да кенг қўлланади. Улар смартфонлар, компютерлар, тиббий жиҳозлар ва ҳарбий технологиялар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Нодир металлар таркибига скандий (Sc), иттрий (Y), лантан (La), церий (Ce), празеодим (Pr), неодим (Nd), прометий (Pm), самарий (Sm), европий (Eu), гадолиний (Gd), тербий (Tb), диспрозий (Dy), ҳолмий (Ho), эрбий (Er), туллий (Tm), иттербий (Yb) ва лютеций (Lu) киради.

Ушбу металлар «нодир» деб аталишининг сабаби — гарчи улар бутун Ер шарида тарқалган бўлса ҳам, уларни соф ҳолда топиш қийин, аксар ҳолларда радиоактив элементлар (масалан, торий ва уран) билан бирга учрайди. Шу сабабли, уларни ажратиб олиш учун юқори технологияли ва экологик жиҳатдан хавфли заҳарли кимёвий моддалар талаб этилади. Бу эса қазиб олиш жараёнини мураккаб ва қиммат қилади.

Украина ҳудудида қандай минераллар мавжуд?