Курдистон мустақил давлати тузилишини қўллаб-қувватловчи Курдистон Ишчилар партияси (КИП) Туркияга қарши қуролли курашни тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар бермоқда.

Ташкилот ўз баёнотида қамоқдаги раҳбари Абдулла Ўжаланнинг чақириқларига риоя қилишини таъкидлаган. Шу боис 1 мартдан қуроллар ташланди. Баёнотда, КИП тегишли кафолатлар мавжуд бўлган тақдирда тўлиқ қуролсизланиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирган.

Ўжаланнинг чақириғи

40 йилдан ортиқ вақт давомида курдларнинг мустақиллик кураши рамзи бўлиб келган Абдулла Ўжалан туркиялик курдларни қуролсизланишга чақирди.

Ўжалан Туркия ҳукумати томонидан 1999 йилда қўлга олинган ва Мармар денгизида жойлашган Имрали оролидаги қамоқхонада умрбод жазо муддатини ўтамоқда. У ташқи дунё билан боғланиши мумкин бўлган ҳолларда, одатда, курдпараст сиёсий кучлар вакиллари воситачи бўлиб хизмат қилади. Тенглик ва демократия халқ партияси аъзолари 27 феврал куни Ўжалан билан кўришишди ва узоқ йиллардан бери илк марта унинг суратини ҳамда баёнотини олиб қайтишди.

Абдулла Ўжалан (марказда) DEM вакиллари билан учрашувда, 2025 йил 27 феврал
Peoples' Equality and Democracy Party / EPA / Scanpix / LETA

Ушбу баёнотда КИП раҳбари ўз тарафдорларини қуролни ташлашга, Курдистон ишчи партиясидан эса ўзининг партия сафини тарк этганини эълон қилишга чақирди.

Ўжалан марксистик ғояларга содиқ эканини билдириб, қуролли курашдан воз кечиш заруратини «тарихий социология» асосида тушунтиради. Унга кўра, курдларнинг манфаатлари айрим миллий, маъмурий ёки маданий ажралиш эмас, Туркия сиёсий тизимини демократиялаштириш ва унга тўлиқ интеграция қилиш билан боғлиқ.

Тарихий воқеа

Бу чақириқ курдларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш учун олиб борган кураши — Яқин Шарқдаги энг узоқ давом этган можаролардан бирини якунлаб бериши мумкин.

Курдлар – ўз давлатига эга бўлмаган 30 миллионлик халқ. Тарихий Курдистон – Туркия, Сурия, Ироқ ва Эрон чегараларида жойлашган кенг тоғли ҳудуд бўлиб, ҳар бир ушбу давлатда йирик курд жамоалари мавжуд. Улар ўзгача тилда сўзлашади, анъаналарини сақлаб қолган ва турклар, араблар ҳамда форслардан кескин фарқ қилади.

Расман тан олинган ягона курд мухторияти Ироқда, лекин Туркияда 14-15 миллион курд яшаса-да, улар узоқ йиллар давомида ҳатто алоҳида миллат сифатида расман эътироф этилмаган. Улар «тоғли турклар» сифатида ёзилган ва миллий ўзликни ифодалаш имкониятидан маҳрум бўлган.