Давлатлараро муносабатларни кузатганда, “иттифоқчилик муносабатлари” ҳақида эшитиб қолишингиз мумкин. Хўш, “иттифоқчилик муносабатлари” нима дегани? “Иттифоқчилик”нинг ҳуқуқий, юридик таърифи борми? Давлатлар нима учун ўзларига иттифоқчи давлатлар ва муносабатларни ривожлантиришади?
Аввало айтиш керакки, “иттифоқчилик” борасида юридик таъриф мавжуд эмас. Иттифоқчилик муносабатлари – тўлиқ сиёсий тушунча, сиёсий мазмун ва моҳиятга эга. Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатаётган давлатлар, “иттифоқчилик” деган атамага, ўзларининг сиёсий анъаналари, эҳтиёжлари ва қарашларидан келиб чиқиб, маъно-мазмун беришади. Шунинг учун давлатлар ўртасида ўрнатилган “иттифоқчилик” айнан бир хил маънони, мазмунни, оҳангни ва ҳамкорликни англатмаслиги мумкин.
Иттифоқчилик муносабатлари – давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг энг юқориси, чўққиси ҳисобланади. Давлатлар, ўзаро иттифоқчилик муносабатларини ўрнатар экан, бу дегани, ҳар қандай об-ҳавода – сиёсий ва геосиёсий турбулентлик ҳолатларида ҳам, ушбу давлатлар бир-бирига ишонади ва ишониши керак дегани бўлади. Улар ўртасида уруш бўлиши мумкин эмас, зиддиятлар ва можаролар ўсиб бормаслиги, агар қандайдир масалаларда муаммоли вазият пайдо бўлса – томонлар ўзаро ҳурмат ва дўстлик руҳиятида ушбу муаммоларни бемалол ҳал қилишлари назарда тутилади. Қолаверса, “иттифоқчилик” – уни имзолаган давлатлар учун оғир вазиятларда бир-бирига таяниши мумкин, деган сиёсий маънони беради.
Ўзбекистон 1991 йил давлат мустақиллигига эришган бўлса, ўтган 34 йил давомида 4 та давлат билан иттифоқчилик муносабатларига киришди.
Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида, давлатимиз фақат битта давлат билан – Россия Федерацияси билан иттифоқчилик келишуви имзолади. Бу келишув – 2005 йилнинг ноябр ойида имзоланди. Россия Федерацияси билан имзоланган бу иттифоқчилик муносабати, мураккаб сиёсий ва геосиёсий контекстга эга. 2005 йил май ойида Андижон шаҳрида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Ғарб давлатлари, Европа Иттифоқи бу воқеаларни халқаро тергов қилишга чақирган эди. Мана шу фонда Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси билан жиддий яқинлашади, ва 14 ноябрга келиб, Москвада иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги келишув имзоланади. Россия билан иттифоқчилик – президент Каримов бошқаруви даврида ўрнатилган ягона иттифоқчилик муносабатлари бўлди.
2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, Ўзбекистон “иттифоқчилик” тушунчасини мутлақ бошқача талқин қилиб бошлади. Бу тушунчага тактик эмас, ҳақиқатда стратегик маъно-мазмун берди, минтақавий ва туркий ўзлик мезони орқали қарай бошлади.
















