Россия ҳарбий идорасининг телеграм-каналида жойлаштирилган хабарда Малая Локня, Черкасское Поречное ва Косица аҳоли пунктлари озод қилингани ҳақида сўз боради. Сўнгги икки кун мобайнида Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳарбийлари Курск областидаги Лебедевка, Викторовка, Николаевка ва Стараая Сорочина қишлоқлари ҳамда Украинанинг Суми областидаги Новенкое хуторини назорат остига олгани ҳақида ҳам маълум қилганди.

Украина манбалари бу маълумотларни расман тасдиқламади, аммо Украинанинг нуфузли DeepState лойиҳаси харитасида бу аҳоли пунктларининг барчаси Россия назорати остига ўтгани кўрсатилган.

Россия қўшинлари Курск областида фаол амалиёт ўтказаётгани ҳақида Россияда ҳам, Украинада ҳам кўплаб журналистлар ва «ҳарбий мухбирлар» хабар беришди. Ҳафта охирида Украина оммавий ахборот воситалари, ҳарбийлар ва DeepState россияликлар Курск областидаги украин бўлинмаларига таъминот етказиб беришда муҳим ҳисобланган Суми-Суджа трассасига шарқдан яқинлашиб келишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берди. Бу эса Россия ҳудудидаги қўшинлар қуршовга тушиш хавфини туғдирди.

Журналист ва Цензор.НЕТ бош муҳаррири Юрий Бутусов 8 март куни фейсбукда Курск йўналишида вазият ёмонлашишда давом этаётгани ҳақида ёзганди. У Россия қўшинлари бутун фронт бўйлаб тинимсиз зарбалар бераётганини қайд этган.

Россия манбалари Курск областидаги аҳоли пунктларидан бирида байроқ кўтарилгани акс этган кадрларни эълон қилмоқда.

Бутусовнинг сўзларига кўра, Россия ва Шимолий Корея қўшинлари «фавқулодда қаҳрамонлик ва матонат кўрсатаётган» украин жангчиларидан сон жиҳатдан сезиларли устунликка эга.

Бутусов Россия Украина ҳарбийлари ҳаракатланувчи йўлларни шиддатли зарбалар билан назоратга олгани, шунинг учун энди Курск областидаги позицияларни ушлаб туриш «фронтнинг бошқа барча участкаларидан энг қийини» эканини таъкидлаган.

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги ҳам Россия дронлари 2024 йил августида эгаллаб олинган Суджадан чекинаётган украин ҳарбийлари автоколоннасига ҳужум қилаётгани кўрсатилган видеони намойиш этди.

Шунга ўхшаш хабарлар аввалроқ россиялик ҳарбийлашган блогерлар томонидан эълон қилинган бўлиб, улар бир кун олдин рус ҳарбийлари Украина қуролли кучлари томонидан қисман эгалланган Курск областида муваффақиятли операция ўтказганини айтишганди.