Россия-Украина урушида тинчликка эришиш масаласи кўп жиҳатдан нодир ерости металларини қазиб олиш бўйича келишувларга боғлиқ. Киев иқтисодиётни тиклаш учун маблағ ва хавфсизлик кафолатлари олиш мақсадида ўз ҳудудида бу металларни қазиб олишни таклиф қилмоқда. Москва эса ўз жавобида Россияда бу металларнинг захираси бир неча баробар кўплигини таъкидлаб, уларни қазиб олишни яқинда аннексия қилинган Украина ҳудудларида ҳам йўлга қўйиш мумкинлигини билдирмоқда.

Ўзи бу металлар АҚШга нега керак? Нима учун уларнинг аҳамияти эҳтимолий тарзда ортиқча баҳоланмоқда?

Белград Хавфсизлик сиёсатлари маркази илмий ходими Михаил Коростиков Carnegie Politika лойиҳаси учун бу масалага аниқлик киритди.

АҚШга нодир ерости металлари нима учун керак?

Доналд Трампнинг нодир ерости металларига бўлган эътибори тасодиф эмас. Бу 17 элементдан иборат гуруҳ электромобиллар ва қуёш панелларидан тортиб, қайта ишлатиладиган ракеталар ва самолётларгача бўлган юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, ҳар бир F-35 самолётида тахминан 400 кг нодир ерости металлари ишлатилган. Шу билан бирга, АҚШ бу металларнинг 70 фоиздан ортиғини фақатгина Хитойдан импорт қилади.

Вашингтон бу қарамликни енгишга уринаётганига анча вақт бўлди, аммо бу саъй-ҳаракатлар ҳозирча муваффақиятсиз бўлмоқда. 2018 йилда АҚШ Хитойдан келадиган нодир металларга божларни оширишга ҳаракат қилди, лекин тез орада бу ғоядан воз кечишга мажбур бўлди. Чунки Хитой дунёдаги нодир ер металларининг 60 фоизини қазиб олади ва 90 фоизини қайта ишлайди — бу соҳада унинг ўрнини босадиган муқобил мавжуд эмас.

2019 йилда Пекин савдо урушига жавобан АҚШга нодир ерости металларини етказиб беришни чеклашини маълум қилганди. Бу эса қисқа муддатли ваҳимага ва айрим металлар нархи 150 фоизга кўтарилишига сабаб бўлди.

Вашингтон бу таҳдидлардан сўнг дарҳол «Муҳим минераллар етказиб беришни кафолатлаш бўйича федерал стратегия»ни эълон қилди. Бу ҳужжатда ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш режалари белгиланди. Шу вақтдан бери АҚШнинг турли давлат агентликлари бу йўналишда миллиардлаб доллар сарфлади. Энг йирик лойиҳалар қаторида Техасда Lynas Rare Earths Ltd заводи қурилиши ва Калифорниядаги Mountain Pass кони имкониятларини кенгайтириш киритилган.

Бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетмади. АҚШ 2019 йилда 28 минг тонна нодир металларини ишлаб чиқарган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 45 минг тоннага етди. Бироқ, истеъмол ҳажми ўсиши туфайли умумий баланс ўзгармади: 2019–2024 йилларда Хитойнинг АҚШ нодир ер металлари импорт борасидаги улуши ўртача 72 фоизни ташкил қилди.