Германияда аэропорт ходимлари иш ташлаши оқибатида ярим миллиондан ортиқ йўловчиларнинг парвозлари бекор қилиниб, уларнинг режалари ҳам барбод бўлди. Франкфурт ва Мюнхен осмонида ҳаво ҳаракати деярли тўхтаб қолган. Меҳнат бирлашмаси «Ver.di» 2,5 миллион ишчилар номидан иш ҳақини 8 фоизга ошириш талабини қўйган. Федерал ҳукумат талабларга рози эмас, лекин ҳафта охиригача масала ҳал қилиниши керак.
Янги ҳафтани немислар иш ташлаш билан бошлади. Маълум бўлишича, бу галги акция «Ver.di» меҳнат бирлашмасининг ҳукумат билан муваффақиятсиз ўтган музокараларидан сўнг старт олган. Германиянинг 13 та аэропортидаги ходимлар огоҳлантирмасдан иш ташлаган ва аниқ натижа бўлиши учун шу қарорга келганликлари айтилган.
Маҳаллий етакчи нашрлардан DW хабарига кўра, Франкфурт ва Мюнхен осмонида деярли ҳаракат бутунлай тўхтаган. Иш ташлаганларнинг мақсади – иш ҳақини ошириш, қўшимча дам олиш кунлари ва яхшироқ меҳнат ҳуқуқлари талаби. Ўтган йили ҳам жамоат транспорти тизими ходимлари иш ташлаб, маълум натижаларга эришган, хусусан, уларнинг маоши оширилган. Меҳнат ташкилоти «Ver.di» федерал ҳукуматдан бу гал ишчиларнинг иш ҳақини 8 фоизга ошириш, 350 евродан бир марталик ёрдам пулларини бериш ҳамда 3 кунлик дам олишга ўтишни талаб қилмоқда.
Бугун Германияда яшовчи Франкфурт университети магистранти Саидисломхон Ўзбекхоновга кўра, ҳукумат учун биргина маошни ошириш талаби 15 млрд еврога тушади. Бюджетда тақчиллик ва энергетик инқироз, давлат харажатларини кўпайтиришга Меркел қўйиб кетган қонуний тақиқ ортидан бу имконсиз. Ҳукуматга бу қимматга тушади, шунинг учун рози эмас, дейди вазиятни кузатиб келаётган ўзбек талабаси.
“2024 йил Ver.di қўйган талабларнинг ҳаммаси амалга ошмагач, 2025 йил учун янги таклифларини берди. Аслида йил охирида маошлар оширилди, ишчилар эса яна норози. Аэропортдан бошланган иш ташлаш таълим ташкилотлари, жамоат транспорти тизими ва чиқинди, уни қайта ишлаш ташкилотлари ходимларини ҳам қамраб олди. Иш ташлаш 1 ҳафта давом этади, ҳафта охирида эса ҳукумат билан Потсдамда музокаралар ўтказилади. Айни вақтдаги талаблар жуда оғир, бу федерал ва ҳудудий бошқарувда ўтирганларга молиявий қийинчиликлар туғдиради. 8 фоиз эмас-у, 3-4 фоиз маош оширилиши мумкин” – Саидисломхон Ўзбекхонов, талаба
Иш ташлаш фонида Франкфурт аэропорти 1116 та парвозларни бекор қилишга мажбур бўлган, 1 кунда 1054 та рейсларни қабул қила олмаган. Ходимларнинг норозилиги энг аввало Гамбург аэропортига таъсир қилган. Ишчилар аввалдан огоҳлантирмай иш ташлаганидан маъмурият норозилигини айтган. «Ver.di» матбуот котибига кўра, акция яхшироқ натижа бериши учун шундай қарорга келинган. Штутгарт, Кёлн, Бонн, Дюсселдорф аэропортларида ҳам ҳаракат тўхтаб қолган, деб ёзади маҳаллий нашрлар.













