Марказий банк инфляциядан хавотирда: сезилган нарх-наво ошиши 25 ойлик максимумга етди. Ҳайдовчилар учун жарима балларининг миқдори очиқланди: тезликни севадиганлар учун “компенсация” ҳам бор. Temu расман Ўзбекистонга келди, лекин барибир блокланди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz ҳафтаномасида.

Жарима баллари: тафсилотлар маълум

Йўл ҳаракати қоидабузарларини жарима баллари асосида баҳолашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унда қайси қоидабузарлик учун қанча жарима бали бериш мўлжал қилинаётгани кўрсатилган.

Шундай қилиб, тезликни рухсат этилганидан 20, 40, 60 км/соатгача ва 60 км/соатдан ортиққа ошириб юбориш мос равишда 0,5, 1, 1,5 ва 2 жарима балига сабаб бўлади. Лекин бу қоида амалиётда ишламайди, чунки жарима баллари фақат ЙПХ ходимлари тузган баённомалар асосида ҳисобланади. Ходимлар тезликни оширгани учун ҳайдовчиларни тўхтатмай қўйганига эса анча бўлган.

Радар ва камералар орқали аниқланадиган қоидабузарликлар учун ҳам жарима балли ҳисоблаш учун қарор лойиҳасида битта шарт кўрсатилган: унга кўра, аввалига камера ёки радарга тушган қоидабузарликни айнан ким содир этган, яъни “рулда ким ўтирган” деган саволга жавоб берадиган механизм яратилиши керак. Бунақа механизм қачон яратилади, яратиладими ёки йўқми, бу саволларга ҳужжат лойиҳасида жавоб йўқ.

Бошқа жиҳатларга келсак, энг кам жарима бали тўхташ ва тўхтаб қоидаларини бузганлик учун белгиланиши кутиляпти: 0,3 балл. Қизил чироқда ўтиб кетиш ва давлат рақам белгисини ечиб олиб ҳаракатланиш 1 балл, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш 1,5 балл, ноқонуний кортеж бўлиб ҳаракатланиш ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиш орқали авариявий хавфни юзага келтириш эса 2 баллик жаримага сабаб бўлади.

Лойиҳага кўра, охирги 12 ойда қоида бузмаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш учун уларга биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Ҳайдовчи қанчадир балл тўплаганидан кейин 6 ой давомида қоида бузмасдан юрса, тўплаган балидан 2 балл айириб ташланади. Агар 2 балл айириб ташланганидан кейин ҳайдовчининг ҳисобида жарима баллари қолмаса, унда ҳисоб-китоб даври тугайди ва кейинги қоидабузарлик санасидан бошлаб янги давр бошланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаб қўйган ҳайдовчилар камида 6 ойга гувоҳномасидан айрилади. Қарор апрел ойида имзоланиб, 1 майдан кучга кириши кутилмоқда.