2025 йилда 2 мингдан ортиқ маҳаллада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда улардаги бино ва иншоотлар Кадастр агентлиги томонидан хатловдан ўтказилади. Агентлик вакилига кўра, фуқароларнинг кўп ҳолларда уйларида бўлмаслиги ва бошқа сабаблар ортидан хатлов жараёнлари чўзилмоқда. Мулк ҳуқуқини эътироф қилиш бўйича ҳозирда 5 980 та ер участкаси барча келишувлардан ўтиб, муҳокамага қўйилган. 100 га яқин кўчмас мулк эса Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб, кейинги босқичга жўнатилган.

2024 йилда Ўзбекистонда 9 462 га ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Шундан 4,5 минг га ер ихтиёрий равишда қайтарилган. Қолгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан судларга даъво аризалари киритилган. Бу ҳақда Кадастр агентлиги томонидан 24 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Kun.uz мухбири агентлик масъулларидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинган қонун ижроси ҳақида сўради.

Қонун билан 8 тоифадаги объектлар учун мулк ҳуқуқини расмийлаштиришга рухсат берилганди. Бунда ер участкаларини эътироф этиш инсон омилисиз бўлиши, 4 млн нафарга яқин фуқарони қамраб олиши айтилганди. Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудовга кўра, айни пайтда 5 980 та ер участкаси барча келишувлардан ўтиб, муҳокамага қўйилган.

“E’tirof.kadastr.uz сайтига кириб кўришингиз мумкин. Аниқ маълумотни билмайман, лекин тахминан 100 га яқин кўчмас мулклар Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб, кейинги босқичга жўнатиляпти. Яқинда бу ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун тўлов босқичига ўтилади. Тўловлар қилингандан кейин маҳаллий кенгашлар томонидан эътироф этиш учун тегишли қарорлар қабул қилинади”, дейди Мирсаид Мирмақсудов.

Агентлик ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Отамуродовнинг айтишича, ер майдонларини хатловдан ўтказишда муаммолар бор.

“Хатлов бўладиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланган. Қайси маҳаллага, қачон борилиши айтилган. Ҳаттоки маҳалла раислари, фаоллар огоҳлантирилган. Шунга қарамай, фуқаролар уйда бўлмайди, аёллар ёки болалар бўлади, эшикни очмайди. Оқибатда кадастр ходими битта уйга 5-6 марта боришига тўғри келяпти. Биз шаҳарда ўтириб, буни оддий қабул қилишимиз мумкин. Чунки транспорт бор. Лекин туманнинг бир чеккасига боргунча жуда кўп вақт ва ресурс йўқотиляпти”,