Америка сиёсатида қизиқ бир жараён бор. Давлатни бошқараётган мулозимлар вақти-вақти билан Конгрессдаги турли қўмиталарга ҳисобот беради. Албатта, парламент давлат мулозимларини сўроққа тутиши фақат Америкада учрайдиган ҳолат эмас, лекин айнан океан ортида бу жараён жуда қизиқарли кечади. Конгресс одатда президентга мухолиф партия назоратида бўлади. Ҳозир республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик, лекин шундай бўлса-да, Трампнинг мулозимлари ҳисоб бериши қизиқарли кечди.

«Группа»дагилар ҳам бор

АҚШ Сенатининг разведка бўйича қўмитаси сўроққа тутган мулозимлар орасида Трамп маъмуриятидаги махфий маълумотларни Signal мессенжеридаги чатда муҳокама қилган мулозимлар ҳам бор эди. Хусусан, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф ва Миллий разведка директори Тулси Габбард хоним ҳам.

Табиийки, АҚШ миллий хавфсизлигига жавоб берадиган мулозимлардан охирги кунларнинг энг шов-шувли воқеаси ҳақида сўрашди. Трамп маъмуриятидаги энг юқори мартабали мулозимлар Signal мессенжеридаги чатда ҳусийчиларга қарши ҳужумни муҳокама қилиб, етмаганига чатга адашиб Atlantic журнали муҳарририни ҳам қўшиб қўйишганди. Ҳатто скриншот қилиш блокланмаган чатда махфий маълумотлар муҳокама қилингани Трамп маъмуриятидаги мулозимлар профессионаллигига жиддий шубҳа уйғотди.

Миллий разведка директори Габбард хоним аввалига чатдаги иштирокини изоҳлошни истамай, бунга разведка тегишли суриштирув ўтказаётганини сабаб қилиб келтирди. Бироқ ҳисобот давомида мулозим чатда бўлганини тасдиқлаб, у ерда айтарли ҳеч нима гаплашишмаганини айтди. Сенаторлар мулозимлардан чатга кириш учун ҳеч бўлмаса махсус ҳимояланган телефондан фойдаландингизми, деб сўрашди. Бу саволга жавоб бўлмаганига қараганда мулозимлар шахсий телефонида давлат сирини муҳокама қилган бўлиши мумкин.

Дунёдаги энг қудратли разведка ташкилоти деб қараладиган АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф чатда бўлганини тан олиб, бу қонуний бўлганини айтди. Ҳатто Signal мессенжери унинг ишчи компютерида ҳам ўрнатилганини айтди. Америка бош разведкачисининг бу иқроридан кейин Осиё шарқидаги бир гуруҳ ҳакерлар аввал бир-бирига кулиб қараб олиб, кейин енг шимариб ишга киришган бўлса керак.

Ҳужум вақтлари айтилган

Эшитувнинг энг кулминацион нуқтаси Жоржия штатидан сайланган демократ сенатор Жон Оссофф ва МРБ директори Жон Рэтклифф ўртасидаги суҳбат бўлди. Суриштирувчи журналист бўлган Оссоофф Америка бош разведкачисини саволлар билан жуда қийин аҳволга тушириб қўйди. Оқибатда МРБ директори чатда ҳусийчилар позициясига ҳужум вақтлари эълон қилингани, ҳатто экипаж қачон зарба позициясида бўлишигача айтилганини тан олди. Маълум бўлишича, бу маълумотларни мудофаа вазири Пит Ҳегсет эълон қилган.