Ўзбекистон | 09:33 / 28.03.2025
5385
2 дақиқада ўқилади

Бозорларга эгалик қилишда ҳокимликларнинг иштироки тўғрисидаги талаб бекор қилинади

Бу бизнес учун қўшимча имкониятлар яратади, дейилади президент ҳузуридаги йиғилишда. 

Фото: Kun.uz

Ҳозирда республикадаги 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Энди бу тартиб ўзгаради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

Қайд этилишича, бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Бу тадбиркорлар учун қўшимча имконият бўлади.

Ер майдонларини сотиш бўйича имкониятлар кенгайтирилади. Масалан, аукционда узоқ вақтдан буён сотилмай турган, майдони кичик бўлган ёнма-ён жойлашган ер участкалари бирлаштирилиб, қайта аукционга чиқарилади.

Давлат активларидан самарали фойдаланиб, маҳаллий бюджетга тушумни кўпайтириш бўйича яхши тажрибалар ҳам бор. Мисол учун, Тошкент шаҳрида муниципал тоифадаги жойлар хатлов қилиниб, электрон базаси яратилди. 102 та самарасиз бино ҳамда 97 гектар бўш ер аниқланиб, аукционга чиқариш бошланди. Ўтган йили бино-иншоотлар остидаги 118 гектар ер участкаларини хусусийлаштиришдан 60 миллиард сўм тушум бўлди. Бу – 2022 йилга нисбатан 5 карра кўп дегани.

Энди ушбу тажриба барча вилоят марказларида, кейинги йил туманларда жорий қилинади.

Мавзуга оид