Жануби-шарқий Осиёда 2000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган 7,7 магнитудали вайронкор зилзиладан қарийб 60 соат ўтганида Мянмада вайроналар остидан яна тўрт киши тирик ҳолда олиб чиқилди. Мамлакат ўт ўчириш хизмати маълум қилишича, улар шимолдаги Сагаинг вилоятидаги мактаб биноси харобалари остидан қутқариб қолинган, у ердан бир киши жасади ҳам топилган.

Қутқарув ишлари зилзиладан энг кўп жабр кўрган Мянмада ҳам, қўшни Таиландда ҳам давом этмоқда. Юзлаб одамлар ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Мянмада 2056 кишининг ўлими тасдиқланган, 3,9 минг киши жабрланган, яна 270 дан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Мянма ҳукумати 31 мартдан 6 апрелга қадар миллий мотам эълон қилган.

Бангкокда қурбонлар сони ҳозирча 18 киши бўлиб турибди. Қурилаётган кўп қаватли бино қулаши оқибатида 76 нафар ишчи бедарак йўқолган.

Қутқарув ишлари жума кунидан бери олиб борилмоқда ва Мянмага аллақачон халқаро ёрдам етиб кела бошлади, аммо энг кўп зарар кўрган ҳудудларга етиб бориш кечикмоқда ва маҳаллий аҳоли вайроналар остида қолганларни қўлда қазиб олишга уринмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифохоналар ярадорлар билан тўлиб-тошганини айтмоқда, Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили эса BBC’га кўчирилган минглаб одамлар озиқ-овқат, дори-дармон ва бошпанага эга эмаслигини хабар қилди.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайда маҳаллий мактаб ўқитувчиси якшанба куни BBC’га ҳозирча инсонпарварлик ёрдамини кўрмаганини айтган. «Ёрдам келяпти дейишяпти, лекин одамлар ҳали ҳам азоб чекмоқда», – дейди у.

Қўшни Сагаинг шаҳрида яшовчи аёлнинг айтишича, кўчаларда жасадларнинг қўланса ҳиди анқимоқда.

Мандалайдаги кўп бинолар таг-туби билан қулаб тушган

Бутун марказий Мянма бўйлаб қутқарув гуруҳлари ускуналар етишмовчилигига дуч келмоқда ва баъзи қутқарувчилар жабрланганларни қуруқ қўллари билан қазиб олишмоқда. Электр ва алоқа узилишлари, йўллар ва кўприклар шикастлангани ҳам қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.

Шанба куни кечқурун Мянма пойтахтида Нейпидода 36 соат давомида касалхона вайроналари остида қолган кекса аёл қутқариб олинган.