Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу кўчада 2 апрелдан бошлаб сентябр ойигача қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Кўчанинг ёпиладиган қисми: Абдулла Қодирий кўчаси билан кесишган жойдан Нурафшон кўчаси билан кесишган жойгача.

«Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва ҳайдовчиларга муқобил йўналишлардан фойдаланиб, ўз йўлларини олдиндан режалаштириш тавсия этилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Шайхонтоҳур туманидаги Шофайзи кўчаси 25 мартдан 1 майга қадар автомобиллар ҳаракати учун ёпилгани тўғрисида хабар берилганди.