Наманган вилояти Поп туманида 36 ёшли Ҳожиакбар Қирғизов далада ишлаётиб йиқилиб тушади ва шу куниёқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинади. Текширувга кўра, чап оёқ сон қисми сингани аниқланади. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз якунланиб, бемор иккинчи марта яна жарроҳлик амалиётини ўтайди. Бу гал Фарғонадан мутахассис чақирилади. Бироқ амалиёт яна кутилган натижа бермайди. Шифохонага синган оёғини ҳисобга олмаганда соппа-соғ, яхши кайфиятда кириб кетган бемор аҳволи оғирлашиб, комага тушиб қолади ва бир неча кундан кейин жони узилади.
Kun.uz мухбири ўлим ҳолати билан боғлиқ ҳодисани ўрганиш учун Поп туманида бўлиб марҳум Ҳожиакбар Қирғизовнинг яқинлари ва беморни операция қилган шифокорлар билан суҳбатлашди.

Ҳожиакбар Қирғизов 1989 йилда туғилган. 3 нафар фарзанднинг отаси. “Қирғизбой ота асаларичи” фермер хўжалигини бошқариб келган. Наманган вилояти Поп туманининг Чинор маҳалласида истиқомат қилган.

Маълум бўлишича, у шу йилнинг 13 март куни далада минерал ўғит юклаётиб йиқилиб тушади ва шу куниёқ Поп тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч қабул бўлимига олиб келинади. Унга чап оёғи сон қисми суягини синиши ташхиси қўйилади. Марҳумнинг отаси Муҳаммаджон Қирғизов бемор ўғлини аввалига туман шифокорларига ишонмай вилоят марказий шифохонасига олиб бормоқчи бўлади.


Бироқ шу туманнинг травматологи Икромжон Хўжаназаров жарроҳлик амалиёти енгил ўтиши ва бундай ҳолатдаги жароҳатлар операцияси улар учун жуда осон кечишига отани ишонтиради.
Охир-оқибат Поп туман шифохонаси травматологи Икромжон Хўжаназаров ва туман тиббиёт бирлашма бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд Юнусовлар жарроҳлик амалиётига бош-қош бўлишади. Бунёд Юнусов синган оёққа темир қўйиш учун бемор яқинларидан 1 000 АҚШ доллари сўрайди. Сўраган пулни Бунёд Юнусовга беморнинг укаси Аҳмаджон Қирғизов олиб бориб беради. Бундан ташқари шифокорлар марҳум Ҳожиакбар Қирғизовнинг яқинларидан яна 200 АҚШ доллари сўрашади. Кейинги сўралган пул ҳам берилади.
















