Мянма ҳарбий хунтаси раҳбари Мин Аун Ҳлайн берган сўнгги маълумотларга кўра, 28 март куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида 2719 киши ҳалок бўлган. Бу рақам якуний эмас. Такрорий силкинишлардан азият чекаётган мамлакатда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун бир дақиқалик сукут эълон қилинди. Бироқ фалокат Мянмада тўрт йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушини тўхтата олмади. BBC рус хизмати давом этаётган можаро вайронкор зилзила оқибатларини қандай кучайтираётгани ҳақида ёзди.

Ҳарбий ҳаракатлар давом этиши

Минглаб қурбонлар ва кенг кўламли вайронагарчиликларга қарамай, мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаган ва ҳарбий хунта зарар кўрган ҳудудларга ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.

BBC Бирма хизматига кўра (Бирма — Мянманинг олдинги номи), Шан штати шимолидаги Наунгчо шаҳрига берилган авиазарба оқибатида етти киши ҳалок бўлган. Ҳарбийлар шаҳарни 28 март куни, маҳаллий вақт билан соат 15:30 атрофида — зилзиладан уч соат ўтганида ўққа тутган.

Бундан ташқари, исёнчиларнинг хабар беришича, Мянма ҳукумати ҳарбийлари 31 март куни зилзиладан энг кўп жабр кўрган Сагайн регионида қуруқлик орқали рейдлар ўтказган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу регион дам олиш кунлари ҳам бомбардимон қилинганди. Зарба зилзила эпимаркази жойлашган Чаунг-У округига тўғри келган.

Мамлакат бошига тушган табиий офат Мянма ҳарбий хунтасини ташвишга солмаяпти. Хунтага қурол-яроғни, хусусан, Россия ва Хитой етказиб беради. Фото: AFP

Мянмада 7,7 магнитудали зилзила 28 март куни содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони Мянманинг ўзида 2719 нафарни ташкил этмоқда, яна 4500 дан ортиқ киши жароҳатланган, 400 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

БМТ табиий офатдан кейин амалга оширилган авиазарбаларни «мутлақо ғазаблантирувчи ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атаган.

БМТнинг махсус маърузачиси Том Эндрюс BBC билан суҳбатда зилзиладан кейин «одамлар омон қолганларни қутқаришга уринаётганида» бомба ташланиши «шунчаки ақл бовар қилмас ҳолат» эканини айтди. У ҳарбий режимни барча амалиётларни тўхтатишга чақирган.