Спорт | 09:37 / 04.04.2025
4413
3 дақиқада ўқилади

Осиё Кубоги U-17. Ўзбекистон турнирни йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади

2-турда Хитой ҳам мағлуб этилса, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилади.

Фото: ЎФА

Осиё Кубоги U-17. 1-тур
Ўзбекистон — Таиланд 4:1

Голлар: Садриддин Ҳасанов (2), Нурбек Сарсенбаев (13), Асилбек Алиев (80), Абубакр Шукурллаев (85) — Силва Мексес (40). 
Ўзбекистон — Неъматуллоҳ Рустамжонов, Ҳожиакбар Ботиралиев (Муҳаммад Ҳабибуллаев, 46), Муҳаммад Ҳакимов, Мўминхон Баҳодирхонов, Садриддин Ҳасанов (Азизбек Абдумўминов, 77), Нурбек Сарсенбаев (Асилбек Алиев, 65), Сайфиддин Содиқов (Жамшид Рустамов, 56), Беҳруз Саидмуродов (Миразиз Абдукаримов), Муҳаммадали Мусохонов, Абубакр Шукуруллаев, Азизбек Эримбетов.
Четлатиш: Пуринат Пулкамланг (54).

Саудия Арабистонида ўсмирлар ўртасида Осиё Кубоги старт олди. 

Ўзбекистон мусобақани Таиландга қарши баҳс билан бошлаб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Садриддин Ҳасанов ва Нурбек Сарсенбаевнинг тезкор гол уришган бўлса, беллашув якунида Асилбек Алиев ҳамда Абубакр Шукуруллаев ҳам рақиб дарвозасини ишғол этишди.

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида мезбон Саудия Арабистони Хитойни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Натижада Ислом Исмоилов шогирдлари 1-турдан сўнг тўплар нисбатига кўра гуруҳ пешқадамига айланишди. 

6 апрел куни бўлиб ўтадиган 2-турда Ўзбекистон Хитойга қарши, Саудия Таиланд билан майдонга тушади. Навбатдаги ғалаба Ўзбекистонни нафақат чоракфиналга, балки жаҳон чемпионатига ҳам олиб чиқади.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов Осиё Кубоги U-17 1-туридан ўрин олган Таиландга (4:1) қарши ўйиндансўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Дастлабки учрашув бўлгани боис йигитларда ҳаяжон сезилди. Бу ёшдаги футболчиларда юқори даражадаги турнирда биринчи бор иштирок этаётганликлари боис шундай ҳолат кузатилиши табиий. 

Биринчи бўлимни яхши бошладик. Ўйин аввалида тезкор гол уришга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг футболчиларимиз хотиржамликка берилишди, бу ўйинга таъсир қилди. Ҳимоядан ҳужумга ўтишда муаммолар юзага келди. Натижада рақибимиз гол уриб кетди. Иккинчи бўлимда бир қатор ўзгаришларга қўл уриб, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилдик ва ғалабани мустаҳкамладик. 

Натижадан хурсандман, бироқ ўйин сифатидан қониқмадим. Сабаби биз бундан-да яхшироқ ўйин кўрсата оламиз. Бугунги учрашувни таҳлил қилиб, келгуси ўйинларда сифатли футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз», — дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради UFA матбуот хизмати. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид