АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон янги ядровий келишувдан бош тортадиган бўлса, Эронни кенг кўламли бомбардимон қилиш билан таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ президенти Теҳрон билан келишув тузишни афзал кўришини таъкидламоқда – Трампнинг аввалги президентлиги даврида АҚШнинг ўзи Эрон билан ядровий келишувни тарк этганди. Вашингтон Теҳрондаги ҳукуматга босимни кучайтирмоқда ва аллақачон Яқин Шарқ минтақасидаги авиаташувчилари сонини кўпайтирмоқда. Трампнинг сўзларига кўра, томонлар муросага келиш имкониятини муҳокама қилиш учун шу ҳафтада «жуда катта учрашув» ўтказади. Бунгача Эрон тўғридан тўғри музокаралардан бош тортаётган, мамлакатнинг маънавий раҳнамоси Али Хоминаий эса АҚШ ҳужум қилган тақдирда «қаттиқ жавоб»га дуч келишидан огоҳлантирганди. Лекин бу айнан қандай жавоб бўлиши мумкин? «Медуза» Эрон ислом республикасида қандай вариантлар борлиги ва нима учун бутун дунё бўйлаб АҚШ ва Исроил фуқаролари хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Вашингтоннинг Эронга ҳужум қилиш учун иккита сценарийси бор. Мамлакатни бомбардимон қилишни (асосийси, Натанз ва Фордодаги иккита ядровий объект) АҚШ армияси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда амалга ошириши ёки операцияни тўлиқ Исроил ўз зиммасига олиши мумкин. Бундай зарбалар натижасини олдиндан айтиш умуман қийин эмас: Эрон ҳаво мудофааси қаршилик кўрсата олиши даргумон – ва иккала ядровий объектнинг ерусти инфратузилмаси йўқ қилинади. Агар операцияга Американинг B-2 бомбардимончи самолётлари ва бункерга қарши қўлланувчи GBU-57 бомбалари жалб этилнса, уларнинг ер остидаги қисмига ҳам сезиларли зарар етказилади.

Эрон эҳтимолий ҳужумларга қарши мудофаа стратегиясида асосий эътиборни АҚШ ва Исроилга жавоб зарбаси беришга қаратади. Тўғри, сўнгги бир йил ичида Эрон расмийларининг имкониятлари сезиларли даражада камайди. Уларнинг иттифоқчиларидан бири – Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти Исроил босқини натижасида жиддий йўқотишларга учради. Бошқаси – Суриядаги Башар Асад режими – умуман йўқ бўлиб кетди.

Шунинг учун Теҳрон эҳтимолий жавоб зарбасини ўйлаганда, минтақадаги ҳамкорларига эмас, биринчи навбатда ўз кучларига таянишга мажбур. Шунга қарамай, Ислом Республикасида Эрон турли хил комбинацияларда фойдаланиши мумкин бўлган етарли имкониятлар мавжуд.

Биринчи вариант: Исроил бўйлаб жавоб зарбаси

Теҳроннинг АҚШ ва Исроил ҳарбийларининг эҳтимолий қўшма операциясига мантиқий жавоби Исроил ҳудудига зарбалар бўлиши мумкин. Боз устига, Эрон 2024 йилда ҳам ракеталари ва дронлари билан ушбу мамлакатга икки марта ҳужум қилганди (гарчи улар фақат чекланган зарар етказган бўлса-да). Хусусан, иккинчи ҳужум амалиёти вақтида Эрон 200 га яқин баллистик ракеталардан фойдаланган, уларнинг баъзилари Исроил ҳаво мудофаа тизими ҳимоясидан ўтган ва «Неватим» ҳарбий базасидаги иншоотларга зарар етказган.