Kun.uz феврал ойининг охирларидан бошлаб Ўзбекистонда гўшт нархи кескин равишда оша бошлагани ҳақида мақола эълон қилганди. Хусусан, Миллий статистика қўмитасига кўра, биргина март ойида қўй гўшти 9,1 фоизга, мол гўшти 8,8 фоизга қимматлаган.

Мазкур тенденция нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам кузатиляпти.

Қозоғистон

Мол гўшти нархининг ўзгариши Қозоғистонда ҳам кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Қўшни республикада нархлар йил бошидан бери 5,6 фоизга ошган.

Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров нархлар ўсишини қўшни давлатлар – Тожикистон ва Ўзбекистонда талабнинг ортиши билан изоҳлаган.

Қозоғистон гўшт уюшмаси бош директори Мақсут Бактибоев вазирнинг гапларига қўшилмайди. Унинг фикрича, нархларнинг ошишига ички таклифнинг қисқариб кетгани асосий сабаб бўлган.

"Ўзбекистон ва Тожикистонга чорва моллари ва гўшт экспортининг таъсири ҳақидаги тезислар ўз тасдиғини топмади. Нарх ошишининг асосий сабаби таклифнинг қисқариши, яъни мамлакатда қорамоллар сонининг камайганидир", дейди Бактибоев.

Унинг сўзларига кўра, вазият 2019 йилда чорва молларини экспорт қилиш тақиқланганидан кейин ёмонлашган. Натижада қисқа вақт ичида мол гўштининг нархи деярли икки баравар қимматлашган.

“Бирдан Ўзбекистонга экспорт қилувчилар бозорни тарк этишди, чунки тўсиқ жорий қилинди. Фақат гўштни қайта ишлаш корхоналари ва шаҳарларни таъминловчи ички воситачилар қолди. Бизда 8 млн бош қорамол бор эди, ички бозор кичик бўлган шароитда демпинг бошланади. Гўштни 1500-1600 тенгедан сотиб олишди. Бу таннархдан 20 фоиз паст. Ҳолат 4-5 йил давом этди. Чорвачилик билан шуғулланиш фойдасиз бўлиб қолгани учун қисқа вақт ичида 2 миллион бош қорамол сўйиб юборилди.