11-13 апрел кунлари Туркиянинг Анталя шаҳрида тўртинчи Дипломатик форум бўлиб ўтди. “Бўлинган дунёда дипломатия” номи остида ўтган анжуманда 21 та давлат раҳбари, 40 дан ортиқ ташқи ишлар вазирлари, 70 дан ортиқ давлатнинг мартабали мулозимлари, 155 та давлатдан жами 6 мингдан зиёд сиёсатчилар, дипломатлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари қатнашди. Ўзбекистондан Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.
Форум бекорга “Бўлинаётган дунёда дипломатия” деб номланмади. Дунёда бир қутблилик тугаб бормоқда. 1990 йиллардаги каби АҚШнинг салоҳияти мутлақ эмас. Кўп қутблилик шаклланиб бошлади. Бироқ, ҳали бир қутблилик емирилиб бораётган бўлса-да, кўп қутблилик шаклланиб улгургани йўқ. Бу форум ҳозирги глобал сиёсий, геосиёсий ва геомафкуравий жараёнларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди.
Нима учун биз ўзбекистонликлар Туркияни кузатишимиз керак? Ўзбекистон – туркий дунёнинг таркибий қисми. Жами олтита туркий мустақил давлат бўлса, Ўзбекистон – Туркиядан кейинги иккинчи йирик туркий давлат ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги, постсовет ҳудудидаги энг йирик туркий давлат. Биз Чор Россияси истилосига қадар, айниқса, болшевиклар ҳокимиятга келгунига қадар аждорларимизнинг Туркия билан, туркий халқлар билан алоқалари жуда кучли эди. Ўзбекистон мустақил бўлган 1990-йилларнинг бошида ҳам биз Туркия моделига ориентир олиб бошладик. Бироқ, бу яқинлик кўп чўзилмади. Мана, охирги 7-8 йилда Ўзбекистон яна туркий дунёга, туркий ҳамкорликка, Туркия билан муносабатларни ижобийлаштиришга ҳаракат қилди. Уддасидан чиқди. Яъни, Ўзбекистон жамияти учун Туркия – иккинчи геосиёсий ориентир, Туркия эса энг муҳим дўст давлат бўлиб улгурди.
Анталя дипломатик форумида жуда кўплаб масалалар, муаммолар муҳокама қилинди. Энг асосий масалалар қаторида Суриядаги вазият, Ғазодаги геноцид, Кавказдаги жараёнлар, Россия–Украина уруши ва музокаралар, Яқин Шарқдаги тенденциялар, Африка қитъасидаги ҳолатлар, туркий ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиё давлатларидаги жараёнлар ва лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Форумда Туркий давлатлар ташкилоти томонидан алоҳида панел ташкил қилиниб, унда ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги ва бугунги кундаги асосий масалалар, муаммолар, лойиҳалар ҳақида ҳам таҳлиллар ва чиқишлар бўлди. Содиқ Сафоев туркий дунёдаги қадрият бирлиги, дунёқараш бирлигига алоҳида эътибор қаратди, туркий дунёда сиёсий ва геосиёсий бўлинишлар бўлмаслиги учун ахборот маконининг бирлиги, сиёсий мулоқотлар ва ҳамкорлик интенсивлиги ҳақида гапирди.
Туркий давлатлар ташкилотининг бош котиби, қирғизистонлик Қубанчбек Умаралиев “бизнинг тарихий ва ўзлик бирлигимизни ҳеч ким олиб қўя олмайди, энди амалий ишларга ўтишимиз ва туркий давлатларни реал лойиҳалар билан боғлашимиз, бирлаштиришимиз керак” деган фикрларни билдирди. Бош котиб ташкилот доирасида амалга оширилаётган катта лойиҳалар ҳақида қисқача бўлса-да гапириб ўтди.















