Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Мармар денгизи ҳудудида, Истанбулнинг ғарбий чеккаларидан узоқ бўлмаган ҳудуддақайд этилган.

Зилзила эпимаркази Истанбулдан 80 км ғарбда бўлган, ўчоғи 7 км чуқурликда жойлашган.

Соат 12:13 даги биринчи ер силкиниши кучи эса 3,9 магнитудага тенг бўлганди. Соат 12:49 даги энг кучли ер силкиниши ортидан 4,4 дан 4,9 магнитудагача бўлган кўплаб зилзилалар кузатилган.

Расмийлар кейинги соатлар мобайнида 50 дан ортиқ афтершок қайд этилганини маълум қилган.

«Соат 15:12 ҳолатига кўра 51 та афтершок қайд этилган, улардан энг кучлиси 5,9 магнитудали бўлди», — дея ёзди Мамлакат ички ишлар вазири Али Ерлиқоя X ижтимоий тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, 6,2 магнитудали зилзилада «ер жами 13 сония давомида қимирлаб турган».

Халқ таълими вазири Истанбулда мактаблар пайшанба ва жума кунлари таътилга чиқишини маълум қилди.

Reuters агентлиги қайд этишича, бу 16 миллион аҳоли яшовчи шаҳарда сўнгги йилларда кузатилган энг кучли ер силкинишларидан бири бўлди.

Расмийларга кўра, ер қимирлашини Истанбулга қўшни бўлган вилоятлар, шунингдек, тахминан 300 км шарқдаги пойтахт Анқарада ҳам сезишган.

AFP агентлиги зилзилани ҳатто Болгария пойтахти Софияда ҳам сезишганини хабар қилган.

Жиддий вайронгарчиликлар ҳақида хабарлар келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқларда одамлар биноларни шошилинч тарзда тарк этаётгани ва кўчаларда ҳамда майдонларда тўплангани акс этган видеолар кенг тарқалди.

Зилзила вақтида одамлар ваҳимага тушиб, биноларни ташлаб чиқди. Фото: Anadolu

Истанбул губернатори офисига кўра, камида 151 киши жароҳатланган, улар ер қимирлаши вақтида ваҳимага тушиб, ўзларини баланд жойлардан ташлашган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.