Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазода ҳуманитар фожиа чўққига етди

Сўнгги 50 кун давомида Ғазо секторидаги чегараларнинг ёпилиши икки миллиондан ортиқ одам ҳаётига таҳдид солмоқда. «ҲАМАС» ҳаракати бу ҳолатни халқаро ҳамжамиятнинг инқирозга жавоб бера олмаганини кўрсатувчи далил сифатида баҳолади.

Ҳаракатнинг баёнотига кўра, Исроилнинг қамал қилиш сиёсати туфайли сектор яна озиқ-овқат, ичимлик суви, ёқилғи ва дори-дармонлар тақчиллигига дучор бўлган. Ҳатто болалар учун мўлжалланган вакциналар ҳам киритилмаяпти.

ҲАМАС буни мисли кўрилмаган гуманитар фожиа деб атади. Ҳар куни тинч аҳолига нисбатан тажовуз ва жазолаш амалиётлари содир этилаётгани қайд этилди. Баёнотда таъкидланишича, 2,5 млн фуқаронинг очлик ва муҳосарага учратилиши халқаро нормаларга зид равишда олиб борилаётган жиноий урушдир.

Қатар ва Мисрдан 7 йиллик тинчлик таклифи

Қатар ва Миср Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасида 5–7 йиллик тўлиқ оташкесимни назарда тутувчи янги тинчлик таклифини илгари сурди. BBCнинг ёзишича, режада гаровда ушлаб турилган барча инсонларни алмашиш, Исроил армиясини тўлиқ Ғазодан олиб чиқиш ва минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилган.

ҲАМАС делегацияси Қоҳирага етиб борди ва музокаралар давом этмоқда. Исроил ҳозирча жавоб бергани йўқ.

18 мартдан буён Исроил ҳаво ҳужумларини қайта бошлади. Охирги ойда 1500 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Исроил танклари Рафаҳда буфер ҳудуд яратишни бошлади.

Манбаларга кўра, ҲАМАС бошқарувни миллий келишув асосидаги янги фаластинлик ҳукуматга топширишга рози. Аммо Исроил ҳали ҳам бу таклифни қабул қилмаяпти. Музокаралар натижаси минтақа келажагини белгилаб бериши мумкин.

Кашмирда туристлар отиб ташланди

Ҳиндистоннинг Кашмир штатида туристларга қилинган қуролли ҳужум оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий нашрлар.

Отишма Паҳалгам шаҳри яқинидаги Байсаран водийсида юз берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбий формадаги бир неча шахс туристларга қарата ўт очган. Ҳужум натижасида 20 дан ортиқ киши яраланган.