Фуқаролар йиғини раиси сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган брифингда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жобир Асқаров ушбу жараён ҳақида маълумот берди.

Қайд қилинишича, 9 минг 452 та маҳаллада раис сайловлари 1 май кунидан бошланади.

«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, энди маҳалла фуқаролар йиғини раиси ваколат муддати 5 йил бўлади.

Таъкидланишича, сайлов ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Май-июль ойларида бўлиб ўтадиган сайловларда ишчи гуруҳлар томонидан 208 та туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияларнинг қарори билан маҳаллаларда вакиллар миқдори белгиланган. Сайловда 2 миллион 591 823 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда.