Ўзбекистон | 10:20 / 05.05.2025
5830
2 дақиқада ўқилади

Нурободда қарийб 17 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди

Мутахассислар томонидан туманда кунига 810 гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишлов олиб борилмоқда. Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига кўра, вилоятда зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирлари апрел ойининг илк кунларидан бошланган.

Фото: Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси

Нуробод туманининг Олға маҳалласи ҳудудида зарарли чигирткалар кўпайгани аниқланди. Аҳолидан тушган мурожаат асосида чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати масъуллари томонидан ҳудудда кучайтирилган ўрганиш ишлари олиб борилди.

Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоятда зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирлари апрел ойининг илк кунларидан бошланган. Кимёвий ишловлар асосан Нуробод, Пайариқ, Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларида олиб борилган. 

“Нуробод туманида 24 минг гектарда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишлов ўтказиш прогноз қилинган. Шундан 19 990 гектарда кузатув тадбирлари ўтказилди. Кузатув жараёнида 16 850 гектарда зарарли чигирткалар тарқалган майдон аниқланди. Туманда бир кунда 810 гектаргача майдонда ишловлар олиб борилмоқда. Бугунгача жами 16 144 гектар майдон ишловдан ўтказилди”, дейилади бошқарма маълумотида.

Қўшимча қилинишича, туманда зарарли чигирткалар галасига қарши кимёвий ишлов ўтказишда 15 та OVX-600 пуркагичли трактор, 3 та VP-1 трактор, 10 та моторли қўл пуркагичлар ҳамда 2 та UMO пуркагичли автомашиналардан фойдаланилмоқда. Шунингдек, вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан зарарли чигирткалар ўчоқларини аниқлаш бўйича доимий кузатув-назорат ишлари йўлга қўйилган. 

Бошқарма ҳудудларда зарарли чигирткалар босқини билан боғлиқ ҳодиса юз берганда вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғига (Шомурод Ўрозов, +998979197412), чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ҳудудий бўлими раҳбари (Зафар Эргашев, +998915496062, +998985736062) ва бош агрономига (Жамолиддин Абдуғаниев, +998333450450, +998933450450) мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.

Мавзуга оид