Рамзан Қодиров интернетнинг ўзбек фойдаланувчилари орасида жуда машҳур шахс. Шу боис унинг атрофидаги навбатдаги воқеага эътибор қаратамиз. Бугун навбатдаги марта Қодиров ишдан кетаркан деган гап чиқди. Фарқи шундаки, бу гал шунчаки одатий миш-миш эмас, истеъфо ҳақида Қодировнинг ўзи гапирди.

«Истеъфо сўрайман»

Олдиндан айтиб қўяй, Рамзан Қодиров ўз каналида селфи видео икки миллиондан ортиқ ўқувчиларига мен истеъфога чиқяпман, деб айтгани йўқ. Бунақа демаса ҳам керак. Лекин Қодиров чиндан истеъфога чиқишни сўрагани ҳақида гапирди.

Охирги кунларда Рамзан Қодиров ҳақида турли миш-мишлар тарқалган, Россиядаги мустақил нашрлар Чеченистон раҳбари касалхонада тунаб қолаётгани ҳақида ёзганди. Шу гаплар фонида Чеченистон давлат нашрларида Қодировнинг гаплари эълон қилинди. «Чечня сегодня» нашрининг ёзишича, «Ғалаба дарахти» акциясида қатнашган Қодиров журналистларнинг миш-мишлар ҳақидаги саволига жавоб берган.

«Мен ҳам эшитдим, ҳар хил гаплар ёзишяпти. Қайтанга мен вазифамдан озод қилишларини сўрайман. Бошқа одамда бошқача ташаббуслар, ўз қараши бўлади. Умид қиламан, менинг сўровимни қабул қилишади», деб Қодировнинг сўзларини келтирган чечен давлат нашри.

Шунингдек, постда Қодиров Владимир Путиндан қандай маслаҳат олгани ҳам ёзилган. Чеченистон раҳбарининг айтишича, Путин унга жаҳли чиққанда ётиб ухлашни маслаҳат берган. «Мен шундай қиламан ва ҳаммаси яхши бўлади», деган Қодиров.

Навбатдаги миш-мишлар

Рамзан Қодиров бежизга бу гапларни айтиб чиқмади. Куни кеча Чеченистон ҳақида хабарларни фаол ёритувчи «Новая газета. Европа» нашри Чеченистон раҳбари охирги вақтларда Грознийдаги «Аймед» клиникасида тунаб қолишни одат қилгани, Грознийдан ташқаридаги узоқроқ масофага махсус тиббий вертолётда бораётгани, Қодировга ошқозоности бези некрози ташхиси қўйилгани ҳақида ёзди. Шунингдек, нашр охирги вақтларда Чеченистондаги одатда Қодиров қатнашадиган тадбирларда ҳукумат раҳбари Магомед Даудов иштирок этаётганига эътибор қаратган.

«Мени нотўғри тушунишди»

Бироқ Рамзан Қодиров истеъфога чиқаркан, бу ҳақда ўзи айтибди, деган муҳокамалар бир кунга ҳам чўзилмади. Чеченистон раҳбари кечга бориб икки миллиондан ортиқ ўқувчиси бор каналида уни бошқача тушунишгани ҳақида пост ёзди.