Оқ уй раҳбари Эрон билан ядро дастури бўйича янги шартнома тузишга ҳаракат қилмоқда. Ғарб давлатлари Теҳрон бу дастурдан ядровий қурол ишлаб чиқариш учун фойдаланаётганидан қўрқади, бироқ Эрон расмийлари бу дастур фақат тинч характерга эга эканини таъкидламоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

«Сиз бугун Эрон ҳақидаги янгиликларни ўқиган бўлсангиз керак. У шартларга рози бўлган шекилли», деди Трамп Форс кўрфази бўйлаб сафари доирасида Қатарга ташрифи чоғида.

Трамп Эроннинг қайси баёнотларини назарда тутаётганига аниқлик киритмади, бироқ аввалроқ Эрон олий раҳбари Али Хоминаий маслаҳатчиси Али Шамхоний Америка матбуотига Теҳрон ядровий дастур бўйича жиддий чекловларга рози бўлишга тайёрлигини айтган эди.

Трамп Қўшма Штатлар Эрон билан «узоқ муддатли тинчлик бўйича ўта жиддий музокаралар олиб бораётганини» таъкидлаб, унинг ядровий дастури муаммосини ҳал қилишнинг икки йўли борлигини қўшимча қилди: «Бири жуда, жуда ёқимли, иккинчиси эса зўравонликни ўз ичига олади. Аммо мен иккинчи йўлдан боришни хоҳламайман», деди АҚШ президенти.

«Биз Эронда ядровий чанг чиқармаймиз. Менимча, биз бундай чораларни талаб қилмайдиган битим тузишга яқинмиз», деди АҚШ президенти.

Шу билан бирга, музокаралар жараёнидан хабардор эронлик манба Reuters агентлигига томонлар позицияларида ҳалигача ҳал этилмаган қарама-қаршиликлар мавжудлигини айтди.

11 май куни Ўмонда Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида ядро дастури бўйича келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича музокараларнинг сўнгги раунди якунланди. Расмийларга кўра, томонлар музокараларни давом эттиришни режалаштирмоқда, чунки Теҳрон очиқчасига уранни бойитишда давом этишини таъкидлаяпти.

Уранни бойитиш муаммоси

Теҳрон ҳам, Вашингтон ҳам Эрон ядро дастури бўйича ўнлаб йиллар давом этган баҳсни ҳал қилиш учун дипломатик йўлни афзал кўришини айтган бўлса-да, асосий масалаларда келишмовчилик сақланиб қолмоқда.

Америка расмийлари Эрон уранни бойитишни тўхтатиши кераклигини очиқчасига айтган. Аммо Теҳрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ҳуқуқига эга ва ундан воз кечмаслигини маълум қилган.

ХАЭА маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи ҳолатига кўра, Эронда 60 фоизгача бойитилган 275 килограммга яқин уран тўпланган. Назарий жиҳатдан, агар Эрон уранни 90 фоизгача бойитишда давом этса, бу миқдор 5-6 та ядро каллаклари учун етарли.