Ерости сувларидан фойдаланадиган тадбиркорлар августгача сув ҳисоблагич ўрнатиши керак. Акс ҳолда белгиланган ставканинг 5 баробари миқдорида солиқ тўлайди. Масалан, автомобил ювиш шохобчалари учун сув солиғи 1 кубометр учун 15 минг сўм бўлса, ҳисоблагич бўлмаганда 75 минг сўмдан ҳисобланади. Суткасига 5 кубометрдан кўп ерости суви ишлатадиган жисмоний шахслар ҳам ҳисоблагич ўрнатиши керак.

5 май куни имзоланган қонун билан, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, ерости сув манбаларидан сув ўлчаш ускуналарисиз сув олинганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида белгиланади.

Бу тартиб нима учун жорий этилгани ва қандай ишлаши ҳақида Солиқ қўмитасининг ресурс солиқлар маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нодир Қодиров Kun.uz'га изоҳ берди.

“Сув сатҳи пасайиб бораётгани учун ушбу норма кучга кирди”

— “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга асосан, сув ресурслари бир нечта ташкилотлар зиммасида:

  • ичимлик суви тармоғидаги сувларни назорат қилиш “Ўзсувтаъминот” АЖ;
  • қишлоқ хўжалиги ва суғоришга мўлжаллаган сувларни Сув хўжалиги вазирлиги;
  • ерости сувларини Тоғ-кон ва геология вазирлиги;
  • табиий ҳавзалардаги сувларни Экология вазирлиги назорат қилади.

Охирги йилларда сув сатҳининг пасайиши, ерости сувларидан оқилона фойдаланиш борасида чора-тадбирлар белгиланганидан келиб чиқиб, бу норма киритиляпти. Илгари ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда таъсирчан солиқ ставкалари бўлмаган. 2025 йил 5 августдан янги қонун кучга киради. Ким ерости сувидан ҳисоблагичсиз фойдаланса, эндиликда улар солиқни 5 баробар қиммат тўлайди. Бу – ерости сувини тежашга қаратилган чорадир.

Шунингдек, ерости сувидан фойдаланиш махсус рухсатнома асосида амалга оширилади. Яъни жисмоний шахслар 5 куб метргача ишлатса, рухсатнома олиш талаб этилмайди. Лекин тадбиркорлик субъектлари учун ерости сувларидан фойдаланганда, албатта, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигидан рухсатнома олиши керак.

Ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда қанча солиқ тўланади?