Шавкат Мирзиёев 21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) норасмий саммитида нутқ сўзлади.

«Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда. Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Таъкидлаш лозимки, биз энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблаймиз», деб сўз бошлади Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Украинадаги можаронинг дипломатия йўли билан ҳал этилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз... Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчамизни чуқур ташвишга солмоқда. Токи «Икки халқ учун – икки давлат» тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас. Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олишимиз ва унга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради», деди Мирзиёев.

Шунингдек, президент кун тартибидан келиб чиқиб, ўз таклифларини билдирди.

«Ўтган йили «Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида»ги битимни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эдик. Бугунги кунда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги янада ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, мазкур битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қиламан.

Олдимизда аниқ вазифа турибди – яқин йилларда ўзаро савдо улушини кескин кўпайтириш лозим. Шу мақсадда «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурамиз.

Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақираман. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказишни режалаштирганмиз.