Музокараларда Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Парламентлар, ҳукуматлар, идора ва ҳудудлар даражасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучаймоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан импорт ўрнини босиш ва "GSP+" мақоми ҳисобига биринчи босқичда 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди.


Шу мақсадда лабораториялар Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилади, товарларни олдиндан сертификатлаш дастури ва экспорт қилувчи компанияларга кўмаклашиш бўйича қўшма платформа ишга туширилади. Бугунги кунда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 500 миллион долларни ташкил этади. Бу галги ташриф учун яна 1,5 миллиард евролик янги лойиҳалар тайёрланган.
Венгриянинг “OTP” банки Ўзбекистон молия бозорига чиққани Венгрия ва Европа бизнеси учун кучли рағбат бўлгани таъкидланди. Банк билан молиялаштириш воситаларини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Автокредитлашни ривожлантириш учун қўшма компания ташкил этиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурини ишга тушириш шулар жумласидан. Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш ҳам фаол босқичда.
Эрталаб ишбилармон доиралар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, автомобиль йўллари ва логистика марказларини қуриш, коммунал тармоқларни ривожлантириш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимёвий товарлар, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, балиқчилик каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.


Бундай ишлаб чиқаришларни Ўзбекистонда жойлаштириш учун Венгриянинг "Inpark" оператори бошқарувида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилаётгани таъкидланди.

















