Жамият | 17:03 / 22.05.2025
26318
3 дақиқада ўқилади

«Абдуназаровни мажбурий келтириш чоралари кўрилмоқда» – ИИБ юк машиналарига доир фирибгарлик ҳақида

Kun.uz фуқароларнинг эски юк машиналарига арзимаган пул бериб, кутилмаган усулда чув тушириб кетаётган фирибгарлик ҳолати ҳақида ёзган эди. Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, фуқароларнинг мурожаатлари асосида Шоҳрух Абдуназаровга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда мажбурий келтиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йил 2 май куни Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ушбу тумандаги Пастки сўлоқли маҳалласида истиқомат қилувчи Шоҳрух Абдуназаровга нисбатан «такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик» – Жиноят кодексининг 168- моддаси 3- қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатди.

«Аммо айни вақтда гумон қилинувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юрибди. Шу боис ички ишлар органлари ходимлари томонидан Шоҳрух Абдуназаровни топиш ва мажбурий келтиришга қаратилган тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Агарда мазкур йўналишдаги ҳаракатлар самара бермаса, ушбу шахсни сиртдан қамоққа олиш чоралари кўрилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинади», дейилади вилоят ИИБ баёнотида.

Шунингдек, мақолада тилга олинган, Шароф Рашидов ва Боёвут туманларида яшовчи бир қанча жабрланувчиларга моддий зарар етказилгани аниқланиб, улардан аризалар олингани маълум қилинди.

«Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Жараён вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси назоратига олинган», дейилади ИИБ баёнотида.

21 май куни эълон қилинган мақолада 26 ёшли йигит OLX платформаси орқали эски юк машиналарини топиб, одамларни чув тушираётгани ҳақида ёзилган эди.

Хусусан, Шоҳрух Абдуназаров сотувдаги юк машиналарини олдиндан 5-10 млн сўм берган ҳолда насияга сотиб олган, сўнгра уларни металлоломга топшириб, пуллаб юборган. Гувоҳлар бу уюшган гуруҳ эканини, жабрланганлар сони кўплигини айтганди. Шунингдек, гумонланувчиларни олиб юрган таксист йигит уларнинг ишлаш схемаси ҳақида гапириб берганди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид