Камбағал оилалар қўллаб-қувватланади

2025 йил 1 июндан бошлаб “қизил” тоифага киритилган оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади. Бу ҳақда президентнинг “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб:

  • қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақат Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кўрсатилади;
  • давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланади.
  • камбағал оилалар “қизил” ёки “сариқ” тоифадан “яшил” тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддатга сақлаб қолинади;
  • “қизил” тоифага киритилган оилаларга пассив даромад келтирувчи қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.

Ҳайдовчилар учун енгилликлар

Ўзбекистон президенти топшириғи билан, ҳайдовчиларга енгиллик яратишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинганди. Қарорда келтирилган айрим ўзгаришлар 2025 йил 1 июндан ишга тушади.

Жумладан, 2025 йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини автоматлаштирилган фото-видео қайд этиш мосламалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” бундан мустасно.

Ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 июндан бошлаб, шаҳарларда автомобил йўлларини таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 7:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмайди. Дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.