Тадбир Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Қозоғистоннинг Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ўтказилмоқда.

Форсайт-семинарнинг кун тартибида 2050 йилгача бўлган даврга оид прогнозлар муҳокама қилинмоқда.
Диққат марказида – демографик ўсиш, энергетика, иқлим, сув ресурслари, транспорт интеграцияси ва инсон капитали масалалари.

Шу билан бирга, минтақада саноат кооперацияси ва иқтисодий ҳамкорлик ҳам муҳим мавзулар қаторида.

“Марказий Осиёда бугунги кунда 83 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2030 йилга бориб минтақа аҳолисининг 60 фоизи шаҳарларда яшайди. Бу эса инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш ва иш ўринларига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортишига олиб келади. Бу шунингдек, аҳолининг яшаш сифати, хавфсиз муҳит ва эртанги кунга ишонч бўйича кутилмалари ошиб боришини англатади”, – дейди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов.

Иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш мавзулари энг долзарб йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Сўнгги йилларда минтақада ўртача ҳарорат 1,2°Сга ошган, музликлар майдони 30 фоизга, киши бошига тўғри келадиган сув таъминоти эса йилига 8,4 минг куб метрдан 2,5 минг куб метргача қисқарган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1,7 минг куб метрдан пастга тушиши мумкин.

Семинар экология ва энергетика соҳасида, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун майдон бўлиб хизмат қилди.
Семинар давомида иштирокчилар олдига иккита устувор вазифа қўйилди:
- биринчидан – Марказий Осиёнинг истиқболда ривожланиши бўйича умумий стратегик қарашни шакллантириш, яъни қайси жараёнлар муқаррар, қайсилари эҳтимолий ва қай бирлари минтақа давлатларининг биргаликдаги ҳаракатларига боғлиқ эканини аниқлаш;


















