Фотима Мўйдинова оилада кенжа фарзанд. У ота-онамга ёрдам бўлсин деб сувоқчилик касбини танлади. Сувоқчи қизнинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ: бетон қуяди, ғишт, девор уради, иморат томини ёпа олади. Устачиликнинг барча йўналишида ўзини синаб кўрган. Фотима ҳозирда отаси билан бирга одамларнинг уйида сувоқчилик қиляпти.

34 ёшли Фотима Риштон туманининг Оқ-ер қишлоғидан. Ишлаётган жойида эркакларча шижоатини кўриб кўпчилик ёқа ушлайди.

“Ёшлигимда қамиш ўриб сотардим. Зовурдан тепаликка қамиш олиб чиқаётганимда бир одам мени кузатиб турган экан. Менга қараб бу ёққа кел деди. Нотаниш одамнинг ёнига борсам мен билан ишлайсанми, деди. Қанақа ишлигини сўрасам сувоқчилик деди. Хуллас, уста ўзига шогирд тушишимни сўраган. Иккиланиб ҳам ўтирмадим. Чунки шароитим шуни тақозо қиларди. Ўша кунлар отам ишламай қўйган. Оилада қийинчилик бор эди.

Ўша устамга мингдан минг раҳмат. Устам туфайли сувоқчиликни ўргандим. Энди ҳаммага бирдек ёрдамим тегяпти.

Бир ойда камида 7 миллион сўм пул топаман. Аллоҳимга шукур, шу етади. Бундан ташқари товуқ боқиб сотаман.

18 ёшимдан бери сувоқчилик қиламан. Оилада бир ўғил, беш қизмиз. Мен кенжасиман.

Кўпчилик бу иш сенга оғирлик қилади, сувоқчи бўлишинг шартми дейишади. Одам ўзи қизиққан ишни қилиши керак-ку.

Аёл кишининг сувоқчилик қилиши кўпчиликка қизиқ туюлади. Ғишт қуйиш ҳам қўлимдан келади, бетон қуйиш, уйларга “засифка” қилиш, девор уриш, пол қоқиш, “стяшка” қуйиш, ўчоқ, тандир ясаш, ана шундай ишлар ҳам қўлимдан келади.

Отам илгари “Беларус” трактор ҳайдарди. “Беларус”да ўйнардим. Отам қаерда бўлса, мен ҳам ўша ерда эдим. Орқасидан қидириб борардим. Ўқишга қизиқмаганман. Трактор ҳайдаш ҳам қўлимдан келади.

Айни кунларда отам билан бирга одамларнинг уйида сувоқчилик қиляпмиз. Одамлар ҳар хил. Ҳар хил шароитда яшайди. Бировнинг қўли юпқа. Иложи борича шароити оғир одамлардан хизмат хақини кам оламан.