Исроил босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида 22 та янги яҳудий аҳоли пунктини қуриш режасини эълон қилди. 29 май, пайшанба куни мудофаа вазири Исраэл Кац ва ўта ўнгчи молия вазири Бецалел Смотрич хабар беришича, Исроил Хавфсизлик кенгаши ушбу «тарихий» қарорни маъқуллаган.
«Биз аҳоли пунктларини ривожлантириш бўйича тарихий қарор қабул қилдик: Яҳудия ва Самарияда 22 та янги жамоат», — деб ёзди Смотрич X ижтимоий тармоғида Ғарбий соҳилнинг Исроилда қўлланадиган номидан фойдаланган ҳолда. У, шунингдек, «шимолий Самария»га аҳолини қайта жойлаштириш ва «Исроил давлатининг шарқий ўқини мустаҳкамлаш» ҳақида гапирди. Кацнинг қўшимча қилишича, бу ҳаракат «минтақа қиёфасини ўзгартиради».
Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг "Ликуд" партияси томонидан чоп этилган харитага кўра, янги аҳоли пунктлари бутун Ғарбий соҳил бўйлаб жойлаштирилади. Улардан иккитаси - Хомеш ва Са-Нур алоҳида рамзий аҳамиятга эга: улар Ғарбий соҳил шимолидаги аҳоли пунктлари бўлиб, 2005 йилда ўша пайтдаги бош вазир Ариэл Шарон ташаббуси билан Исроил кўчманчиларни олиб чиқиб кетган эди.















