Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Ishonch.uz сайтига интервю берди. Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири интервюда «Марказий Осиё+» форматидаги учрашувлар, хусусан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларига тўхталди.
«Тарихда биринчи марта Марказий Осиё давлатлари ягона субъект бўлиб, ўзларининг янги мавқейини намойиш қиляпти, бу мавқени халқаро ҳамжамият тан оляпти ва мана шу асосда янги форматлар пайдо бўляпти. Бугунги кунда «Марказий Осиё+» форматларининг сони ўндан ошди. Йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан мана шу формат бор.
Яқинда Самарқандда «Европа Иттифоқи + Марказий Осиё» саммити жуда самарали ўтди. Натижада стратегик ҳамкорлик декларацияси қабул қилинди.
Марказий Осиё давлатларининг сиёсати – жуда прагматик сиёсат. Мана, солиштириб кўринг, Марказий Осиё – бешта давлат, Европа Иттифоқи – 28 та давлат. Европа Иттифоқининг ялпи ички маҳсулоти тахминан 19 триллион доллар. Албатта, бизнинг прагматик манфаатимиз бор. Улар билан кимгадир ёқадими-ёқмайдими, биз, албатта, мана шу ҳамкорликда давом этамиз. Бу биринчиси.
Иккинчиси, Марказий Осиё ҳақида кўпинча экспертлар, кўзга кўринган сиёсатчилар айтяптики, бу – бошқа давлатларга намуна, модел бўлиши мумкин. Қўшни давлатлар дўстона алоқаларни ўрнатиб, яхши қўшничилик тамойили асосида яшаши мумкин, деган маънода», деди Абдулазиз Комилов.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё – стратегик ҳамкорлар
Жорий йил 4 апрел куни Самарқандда икки минтақа етакчилари иштирокида биринчи «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва минтақадаги 5 та давлат президентлари қатнашди.
Саммитда икки минтақа ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтаргани эълон қилинди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, молиявий келишув ва ёрдамлар белгиланди. Хусусан, Еврокомиссия тўртта йўналиш учун минтақага жами 12 млрд евро, Транскаспий коридорини ривожлантиришга 10 млрд евро ажратилди.















