Россия армияси Суми ва эҳтимол Харкив йўналишларида йирик ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида айрим ҳарбий экспертлар ҳам гапирмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 22 май куни ҳукумат аъзолари билан йиғилишда Россия ҳудудларини Украина қуролли кучлари таҳдидларидан ҳимоя қилиш учун чегара бўйлаб буфер хавфсизлик зонаси яратиш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтганди.

Бу Владимир Путин биринчи бор бундай баёнот бериши эмас. У Украина чегараси бўйлаб хавфсизлик зонасини яратиш режалари ҳақида дастлаб 2024 йил март ойида гапирганди. Ўша йил май ойида эса Россия қўшинлари Харкив областида янги ҳужум бошлаб, Вовчансккача ёриб кирди. Уч ой ўтиб жавоб зарбаси берилди – Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб кирди.

Шу кунларда Суми области ҳарбий маъмурияти Россия армияси тўртта аҳоли пункти – Новенкое, Басовка, Веселовка ва Журавка қишлоқларини назорат остига олганини тасдиқлади.

«Душман буфер зонаси деб аталадиган ҳудудни яратиш мақсадида олдинга силжиш ҳаракатларини давом эттирмоқда. Водология қишлоғи атрофида ва Хотен обшинасининг Владимировка, Беловодов, Константиновка ва Кондратовка қишлоқлари яқинида, шунингдек, Юнаков обшинасининг Локни қишлоғи атрофида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда», – деди маъмурият раҳбари Олег Григоров..

Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари томонидан босиб олинган қишлоқлар аҳолиси аллақачон эвакуация қилинган, у ерда тинч аҳолига ҳеч қандай таҳдид йўқ.

Суми области чегарадош ҳудудининг бир қисми, хусусан, Журавка қишлоғи босиб олингани ҳақида апрел ойи бошида Россия Мудофаа вазирлиги хабар берган эди, бу маълумотни OSINT-тадқиқотчилари ҳам тасдиқлади. Май ойи охирига келиб Россия мудофаа вазирлиги яна иккита қишлоқ - чегарадан 7,5 километр узоқликдаги Беловоди ва икки километр узоқликдаги Владимировка эгаллаб олинганини маълум қилди.

Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси маълумотларига кўра, Беловоди қишлоғи қисман «кулранг зонада», Владимировка эса Украина назорати остида қолмоқда. Шу билан бирга, унинг хариталари Суми областининг 60 километр квадратдан ортиқ ҳудуди аллақачон Россия назорати остига ўтганини тасдиқлайди.

Россияга буфер зона нега керак?

Ғояга кўра, у душманнинг манёвр майдонини торайтиради, уни қўшни ҳудудга қуролли рейдлар ўтказиш ва унга тактик ўт очиш воситалари – биринчи навбатда, стволли артиллерия, ўқотар қуроллар, яқин радиусли дронлардан фойдаланган ҳолда зарба бериш имкониятидан маҳрум қилади.