1997 йилнинг 2 декабри. Сурхондарёда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари оёққа туради: 210 ўринга мўлжалланган, аммо амалда 1 500 нафарга яқин жиноятчи сақланаётган Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасидан ўлимга ҳукм қилинган икки маҳбус қочиб кетган эди. Улар буни қандай уддалаганди?

Голливуднинг “Шоушенкдан қочиш” филмини кўпчилик кўрган. Унда филм қаҳрамони Энди қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонадан деворни болғача ёрдамида тешиш орқали қочиб кетишни уддалайди. Аслида дунё тарихида махсус қамоқхоналардан қочиш ҳолатлари ҳаётда ҳам кўп кузатилган. Ана шундай шов-шувли қочиш Ўзбекистонда, Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида ҳам содир бўлган.

Йўқолиб қолган маҳбуслар

1997 йилнинг 2 декабри. Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида “тревога” бўлиб, эрта тонгдан ҳамма оёққа туради. Ҳибсхонада сақланаётган икки ашаддий жиноятчи хонасида йўқ эди. Маҳбуслар сақланган хонага югуриб кирган масъуллар “Шоушенкдан қочиш” филмидаги каби тешик деворни кўришади.

Қочиб кетганларнинг бири катта миқдордаги наркотик модда билан ушланган афғонистонлик Саттор исмли шахс бўлса, иккинчиси қотиллик жиноятини содир қилган Шавкат Ялкапов эди. Уларнинг иккиси ҳам олий жазо – ўлимга ҳукм қилинганди. Икки маҳбус ҳам қочишга мойиллиги бўлган шахслар рўйхатига киритилган бўлган.

Тешилган девор

Саттор ва Шавкат ушбу ҳибсхонага келтирилганига қарийб 1 йил бўлганди. Ўлим ҳукми ўзгаришсиз қолгач маҳбусларда қочиш фикри туғилган. Буни Саттор таклиф қилган. “Қочиб кетиб, Афғонистонга бориб яшаймиз”, деган у шеригига.

Маҳбуслар режа тузгач, уни амалга ошириш йўлларини ўйлай бошлайди. Улар аввало темир кесадиган арра топади. Сўнг хонадаги иссиқлик батареяси қувурини ўша арра ёрдамида кесиб, батареяни ушлаб туриши учун деворга қоқилган икки темир қозиқни суғуриб олишади. Ана шу қозиқлар ёрдамида 28 ноябр куни, яъни қочишдан 4 кун аввал ўтказилган тинтувдан сўнг деворни тешишни бошлашади.

Маҳбуслар биринчи кунда 4-5 та ғиштни жойидан кўчириб олишган. Тупроқ ва ғиштларни “кроват” тагига тўплашган. Деворни тешиш иши бир неча кун давом этган. Ана шу кунларда хонада текширув ҳам ўтказилган. Аммо тешилаётган жой чойшаб билан ёпиб қўйилгани боис буни ҳеч ким пайқамаган.