ЖЧ-2026 саралаши. 3-босқич
А гуруҳи. 9-тур
БАА — Ўзбекистон 0:0
5 июн. Абу-Даби. «Ан Наҳён» стадиони
БАА — Эйса, Холид Иброҳим, Лукас Пимента, Куаме Куадио, Мелони, Мажид Ҳасан (Яҳё Нодир, 86), Абдалла Рамадан, Луан Перейра (Кайо Канедо, 77), Фабио Лима (Ҳариб Суҳайл, 77), Али Солиҳ (Яҳё Ал Гассани, 62), Кайо Лукас.
Ўзбекистон — Ўткир Юсупов, Ҳожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Абдуқодир Ҳусанов, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев (Шерзод Насруллаев, 65), Одил Ҳамробеков (Абдурауф Бўриев, 86), Отабек Шукуров, Остон Ўрунов (Аббос Файзуллаев, 13), Жалолиддин Машарипов (Ҳожимат Эркинов, 86), Элдор Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Ҳусниддин Алиқулов (55), Лукас Кайо (74).
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида ўйнайдиган бўлди. Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа гуруҳдаги тўғридан тўғри рақобатчиси бўлган БААга қарши сафар ўйинида стратегик дурангга эришиб, муддатидан олдин ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди.
Кападзе ҳал қилувчи ўйин учун максимал даражада эҳтиёткор схема (5-4-1) танлади ва кўпроқ ҳимоявий футболчиларни туширди. Аммо 11-дақиқадаёқ унинг режалари ўзгариб кетди, Остон Ўруновнинг эски жароҳати ўзини эслатди ва футболчи ўйинни давом эттира олмади. Унинг ўрнига Аббос Файзуллаев майдонга тушди.

Биринчи бўлимнинг биринчи ярмида Ўзбекистон футболчилари тўпни рақибга топширган ҳолда хотиржам ҳимояланишди. Бу оралиқда мезбонларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 70 фоизгача чиқди, аммо бу юзаки устунлик эди. БАА футболчилари бу устунликни рақиб дарвозаси атрофидаги хавфли вазиятларга айлантира олмади. Сафида бирданига беш нафар бразил борлигига қарамай, жамоага тезлик ҳам, креатив ҳам етишмади. Ўзбекистон вакиллари моҳирлик билан ўйин суръатини туширишди, дарвозабон Юсупов эса керак бўлганда вақт чўзишдан тортинмади.
Фақат ўйиннинг ярим соати ортда қолганида нисбатан хавфли вазият юзага келди – Файзуллаев чап қанотда дриблинг ишлатиб, рақибнинг икки футболчисидан қочиб кетди ва тўпни жарима майдони марказига етиб келган Шомуродов томон оширди. Аммо ҳужумчи тўпга зарба беролмади, бу вазиятда Элдорни бироз туртишганди, аммо бу яккакураш деб баҳоланиб, пеналти эҳтимоли кўриб чиқилмади. Шундан кейин Ўзбекистон ташаббусни қўлга олди ва рақибни тўпсиз қийнай бошлади.
















