Украина президенти Володимир Зеленский 6 июнга ўтар кечаси Россия «деярли бутун Украина бўйлаб» зарбалар берганини айтди. Хусусан, Волин, Лвив, Тернопол, Киев, Суми, Полтава, Хмелницкая, Черкасс ва Чернҳив областлари ҳужумга учраган.

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари спикери Юрий Игнатнинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари шимолий ҳудудлардан зарбалар берган ва дронлар Украина ғарбига ёпирилиб борган.

Игнатнинг сўзларига кўра, Россия Украинага баллистика, ҳаво ва қуруқликдаги қанотли ракеталар, шунингдек, кўп сонли зарбдор дронлар ҳамда имитатор дронлар билан ҳужум қилган. Унинг таъкидлашича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 30 тагача ракета ва 200 тагача дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.

«Умуман олганда, россияликлар бугун мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб 407 та зарбдор учувчисиз учиш аппаратини қўллади. Шунингдек, душман томонидан 6 та баллистик ракета қўллангани ҳақида маълумот бор. Яна 38 та қанотли ракета, уларнинг аксарияти йўқ қилинди», – дея Юрий Игнатнинг сўзларини келтиради РБК-Украина.

Украина ҳудудида ёпирилма ҳужум тунги соат бирдан эрталабки соат 5 гача давом этди.

Кўплаб киевликлар метрода тунашга мажбур бўлди

Ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, элликка яқин киши яраланди.

Киевда кўп қаватли турар жой биноси, таълим муассасаси, метрополитен ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси объектлари зарбага учраган. Шаҳарда икки мингдан ортиқ киши электрсиз қолди.

Черниҳивда Россия ҳужумлари чоғида тўрт киши яраланган. Кўп қаватли ва хусусий уйлар, корхона ва инфратузилма объектларига зарар етган. Кўплаб турар жой биноларида электр энергияси йўқ.

Полтава областида Россия ҳужумларидан яна уч киши жабрланди, у ерда маъмурий бинолар, корхоналар, омборлар зарба остида қолган. Хмелницкая областида дронлар ҳужуми натижасида хусусий уйларга зарар етган.

Лвив областида ҳужум оқибатида саноат объекти шикастланган.

Россия мудофаа вазирлиги тунда амалга оширилган ёпирилма ҳужумни «Киев режимининг террорчилик ҳаракатларига жавоб» деб атади. Украинага зарбалар «ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги узоқ масофали қуроллар, шунингдек, зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари» билан берилгани айтилади ҳарбий идора хабарида. Шунингдек, ҳужум нишонлари «Украина қуролли кучларининг зарбдор учувчисиз учиш аппаратларини йиғиш устахоналари, қурол-яроғ ва ҳарбий техника омборлари» каби ҳарбий корхоналар бўлган.