Чоршанба куни Украина Хавфсизлик хизмати аэродромларга берилган зарбалар ва ушбу мураккаб операциянинг алоҳида босқичлари акс этган янги ёрқин видеолавҳаларни эълон қилди.
Унинг мисли кўрилмаган муваффақияти ҳақида сунъий йўлдошдан олинган суратлар ҳам гувоҳлик беради, уларда Оленя, Иваново, Дягилево ва Белая авиабазаларидаги учиш-қўниш йўлаклари яқинида ёниб кетган самолётларнинг излари акс этган.
Украиналик кузатувчилар учун бир ярим йил давомида тайёрланган операция мўъжизадек кўринади.
«Буни тарихимиздаги энг ёрқин операциялардан бири деб ҳисоблаш мумкин. Биз кучли бўлишимиз, ижодкор бўлишимиз ва душманларимиз қанчалик узоқда бўлишидан қатъи назар, уларни йўқ қилишимиз мумкинлигини кўрсатдик», – деди DeepState ҳарбий таҳлилчилар гуруҳи асосчиси Роман Погорелий BBC мухбирига.

Фото: Planet Labs/Reuters
Қайд этиш керакки, якшанба кунидан бери ҳаво базаларига берилган зарбалар ҳақидаги деярли барча батафсил маълумотлар ҳужум ташкилотчиси – Украина хавфсизлик хизмати томонидан эълон қилинди.
Муваффақиятдан руҳланган Украина махсус хизмати операцияни энг яхши кўринишда тақдим этишга ҳаракат қилмоқда. Унинг ахборот кампаниясига Кремл ўз аэродромларига уюштирилган ҳужум ҳақида деярли сукут сақлаётгани ҳам ёрдам берди.
Украина президенти Володимир Зеленский чоршанба куни Украина хавфсизлик хизматининг операцияда иштирок этган ходимларини тақдирлагандан сўнг журналистлар билан суҳбатда Россиянинг 41 та самолёти шикастлангани ёки йўқ қилингани ҳақидаги баёнотни такрорлади.
«Уларнинг ярми қайта тикланмайди. Баъзиларини таъмирлаш учун йиллар керак бўлади, агар уларни қайта тиклаш мумкин бўлса», – деди у.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, агар ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганида, «Ўргимчак тўри» операцияси амалга оширилмаган бўларди.
Самолётлар парвозга шай туришган
Аэродромларга берилган зарбаларнинг бир қатор асосий тафсилотлари УХХ томонидан чиқарилган тўрт дақиқалик видео лавҳалар компиляциясида кўрсатилган. Улар ҳужумда иштирок этган баъзи дронларнинг камералари томонидан суратга олинган.





















