Яккасарой туманининг ҳовлилардан иборат Тўқимачи маҳалласида яшовчилар маҳалла ҳудудидаги 6 сотихли майдонда котлован қазиш бошлангач, бу ерда 5 қаватли офис ва меҳмонхона қурилишидан хабар топди. Аҳоли вакиллари отел келажакда нобоп масканга айланиши, маҳалланинг тинчини ўғирлашидан хавотирда. Уларнинг даъвосини кўриб чиқаётган судя қурилиш жойига келиб, ҳолатни ўрганди. Ўрганиш жараёнида Kun.uz мухбири ҳам қатнашди.
Тошкентнинг Яккасарой тумани “Тўқимачи” МФЙ Жамбул кўчасида 5 қаватли меҳмонхона қурилиши мумкин. Ҳозирча котлован ҳолатида турган объект маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
“Toshneftgazishchita’minot” МЧЖ Жамбул кўчаси 2-уй манзилида офис ва меҳмонхона қуриш учун 2024 йил 15 июлда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасидан ижобий хулоса олган. Шу ерда яшовчи аҳоли вакиллари эса бу лойиҳадан 2025 йил май ойига келиб, яъни қурилиш ишлари бошлангач хабар топганини айтмоқда.
Бир гуруҳ фуқаролар қурилиш бошқармасининг хулосасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича Тошкент туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритган. 2025 йил 20 май куни судя Олим Шамсиев аризачиларнинг илтимосномасини қаноатлантириб, объектнинг қурилиш-монтаж ишларини вақтинча тўхтатиш бўйича ажрим чиқарди.
Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, аҳоли вакилларини тинглади. Уларнинг айтишича, 6 сотихлик ер майдони қўлдан қўлга ўтиб келган, меҳмонхона қурилишидан қўни-қўшниларнинг хабари бўлмаган.
“Ака-укалар турарди. Ота-онаси ўтгандан кейин сотиб кетишди. Ундан кейин жой яна икки марта сотилди. Кейин бу келди. Унга айтдим, ота-онанг борми сени дедим. Бор деди. Ота-онанг бўлса дедим, икки қаватли қурасан дедим. Беш қаватли қурмайсан дедим. Бу бизга тўғри келмайди. Пешонамда туради. Фоҳишахона бўладими дедим. Йўқ, хола, қуриб бераман, олиб келаман деди. Шу бўйича йўқ бўлиб кетганди”, – дейди фуқаролардан бири.
Жамбул кўчасида яшовчилардан яна бири охирги пайтлар атрофда меҳмонхоналар кўпайиб кетгани, шу сабаб маҳалладан осудалик ариганини айтди. Бир ҳолатда, отеллардан бирининг мижозлари машинада ички ишлар ходимларидан қочиб, маҳалла ичидан юриб, йўл четида турган машиналарни қириб ўтиб кетган.
“Мана шуларнинг дастидан машина кўп. Юриб бўлмайди. Кўчага чиқа олмаймиз. Болалар кўчага чиқиб, шу машина туртиб юбормасин деб эшикни қулфлаб ўтирамиз. Яна отишмалар бўлиб кетди, ҳамма ёқ милицияга тўлиб кетди. Жуда хавотирга тушиб яшаяпмиз. Маҳаллани ичи тинч бўлади деймиз-у, тинчлигимиз йўқолди-да. Кўчани нариги юзи меҳмонхона. Ҳамма ёқни меҳмонхона босиб кетди. Энди буниси жуда ортиқча бўлди. Светимизга, сувимизга таъсири бўляпти








