Миллатлар лигаси, финал
Португалия – Испания 2:2
Голлар: Субименди, 21 (0:1). Нуну Мендеш, 26 (1:1). Ойярсабал, 45 (1:2). Криштиану Роналду, 61 (2:2)
Пеналтилар серияси 5:3
Рамуш – (1:0). Мерино – (1:1). Витиня – (2:1). Баэна – (2:2). Бруну Фернандеш – (3:2). Иско – (3:3). Нуну Мендеш – (4:3). Мората – (4:3)(дарвозабон). Рубен Невеш – (5:3)
Португалия: Кошта, Жоау Невеш (Семеду 46), Диаш, Инасио (Вейга 74), Мендеш, Витиня, Фернандеш, Бернарду Силва (Леау 74), Консейсау (Рубен Невеш 46), Нету (Диогу Жота, 106), Роналду (Рамуш, 88).
Испания: Симон, Ле Норман, Ҳаусен, Кукуреля, Мингеса (Порро, 92), Субименди, Руис (Мерино, 75), Педри (Иско, 75), Уилямс (Баэна, 92), Ямал (Пино, 106), Ойярсабал (Мората, 111)
Огоҳлантиришлар: Гонсалу Инасиу 19, Педру Нету 82, Нуну Мендеш 100 – Руис 33, Ле Норман 90, Баэна 100, Порро 110.

Португалия Луис де ла Фуэнте бошчилигидаги кучли Испанияни тўхтатди. Роналду ва унинг жамоадошлари – Миллатлар лигасида ғолиб чиқди. Финалда португаллар Европанинг амалдаги чемпионларини пеналтилар сериясида мағлуб этишди.

Ўйин олдидан бу ўйин 40 ёшли Роналду ва 17 ёшли Ямал ўртасидаги дуэл бўлиши ҳақида кўп гапиришганди ва Криштианунинг ўзи илк дақиқалардан бу ҳақда эслатиб қўйди. Учинчи дақиқада у ортга қайтди ва Ламиндан тўпни олиб қўйиб қарши ҳужум бошлаб берди. Бу ҳужум бурчак тўпи ишланиши ва илк голли вазият юзага келтирилиши билан якунланди.

Ямал эса аввалига майдонда сезилмади. Испанлар унинг эмас, Уилямс тушган чап қанотда фаолроқ бўлишди. Бу Роберто Мартинес асли таянч яримҳимоячиси бўлган Жоау Невешни ўнг қанот ҳимоячиси сифатида туширишда давом этаётгани, «ПСЖ» футболчиси ўзига бегона бўлган позицияда хатога йўл қўйишидан умид қилгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Умуман олганда, Испания ташаббусни қўлга олганида шундай бўлди ҳам. Европа чемпионлари Уилямс иштирокида иккита хавфли ҳужум уюштиришди, аммо Нико ва Педрининг зарбаларидан кейин тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Ямал ҳам бўлим ўрталарида яхши вазиятга эга бўлди. Бу ҳолатда Роналду майдоннинг португаллар дарвозаси жойлашган томонида тўп йўқотди, ҳужум якунида Ламин жарима зарбаси ишлади ва уни ўзи ижро этди. Аммо Мюнхендаги дарвоза «Барса» вингери учун кичиклик қилди.

Биринчи бўлим ўрталарида, испанларнинг устунлиги яққол кўзга ташлана бошлаганида, де ла Фуэнте шогирдлари ҳисобни очишди. Оярсабал майдон марказида товони орқали берган нозик узатма португаллар мудофаасини доғда қолдирди – унинг ортида турган Инасиу вазиятдан узилиб қолди ва ортда бўш зона пайдо бўлди. Кейин Ямал тўпни жарима майдонига оширди, Невеш ўз дарвозабонига халақит қилди, қайтган тўп бўш турган Субимендига келиб тушди, у эса амалда бўш қолган дарвозани ишғол этди.