Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 5 та маҳалла учун 1 йил олдин қурилган янги мактаб ҳамон фойдаланишга топширилмаган. Бу ер фонди тоифасини ўзгартириш ва бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ шакллантирилмагани билан боғлиқ. Ҳудуд аҳолиси ҳокимликнинг янги мактаб ҳужжатларини тайёрлашдаги сусткашлигидан норози. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, туман ҳокимлиги бир неча маротаба ҳужжатларни чала ҳолда олиб келган.
Зангиота туманида янги қурилган мактаб бюрократик сабаблар билан ишга тушмай турибди. Kun.uz мухбири аҳолидан тушган мурожаатга асосан ҳолатни ҳудудга бориб ўрганди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2023 йилдаги тегишли қарори билан Зангиота туманининг Фаробий маҳалласида мактаб қуриш учун 1,5 га ер ажратилган. Ҳозирга қадар 1 га майдонда мактаб қурилиб, девор билан ажратиб қўйилган. Фуқароларнинг айтишича, Зангиота тумани ҳокими ер майдонининг қолган қисмига спорт комплекси қурилишини айтган. Аҳоли эса у ерда қўшимча мактаб биноси ёки бошқа ижтимоий объект бўлиши кераклигини билдирмоқда.
Ажратилган майдон азалдан мактаб қуриш учун мўлжаллаб келинган. Шунга қарамай, 2022 йил бу ерда коттежлар қурила бошланган. Айрим уйларнинг томи ҳам ёпилган. Аҳолининг қаршилиги билан мактаб ҳудуди сақлаб қолинган ва коттежлар бузиб ташланган. Ҳозир янги мактаб қад ростлаган. Бироқ унинг ҳужжатлари билан боғлиқ ишларни жой-жойига қўйишда ҳокимлик ўз вазифасини бажармаяпти, демоқда аҳоли вакиллари.
“Ҳақиқатан, мактаб қурилди. Нимадир камчиликлар бўлиб, сентябрда очилмади. Октябр, ноябр дейишди, унда ҳам бўлмади. Мана, шу вақтга етиб келдик. Лекин бу кетишда бу йил ҳам очилишига гумонимиз бор-да. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Охирги марта Сенатга бордик. Сенаторлар келишди, ҳоким ҳам. Яна қуйи палата қўмитаси раиси Баҳром ака келди. Улар билан гаплашиб, ҳаммаси келишилди. Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов барчанинг олдида “ҳаммасини қиламан, менинг бўйнимда бу мактаб”, деди. Лекин натижа йўқ. Шу вақтгача ҳали кадастр ҳужжати бўлмаган.
Бу ерда 4-5 та маҳаллада 20 минг нафардан ошиқ аҳоли яшайди. 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи, 2 500 нафар боғча ёшидаги бола бор”, дейди Қиргузар маҳалласи вакили Шуҳрат Қосимов.
Фаробий маҳалласи раиси Бахтиёр Ёқубовнинг сўзларига кўра, қурилиш бошланмасидан олдин ўша суғориладиган ернинг ҳужжатини тайёрлаб чиқаришган. “Маорифнинг гапи бўйича, кадастри тайёр. Қонун бўйича суғориладиган ер бўлса, эгалик ҳуқуқи берилмайди”, дейди у.
Раиснинг айтишича, мактабга келиб рўйхатдан ўтаётганлар кўп. Ушбу таълим муассаса 530 нафар болани қабул қила олади. Ҳозирда бир кунда камида 30-50 нафар бола мактабга ёзиляпти.















