Meta ва TikTok компаниялари Ўзбекистон расмийларининг ноқонуний деб топилган контентларни ўчиришга доир сўровларини 80-90 фоизга “ижобий” ҳал этмоқда. Telegram ва Youtube'да эса бу самарадорлик пастроқ, дея маълум қилди АОКА директори ўринбосари Дилшод Саиджонов. Агентлик ўзбек тилидаги қўпол ва ҳақорат сўзларни жамлаб, бу сўзлар Facebook ва Instagram'да пайдо бўлмаслиги бўйича Meta билан ишламоқда.

10 июн куни Тошкентда Масс-медиа фонди ва Meta компанияси ҳамкорлигида «Ёшлар ва ўсмирларда ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда қатнашган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов берилган саволга жавобан агентликнинг Meta билан ҳамкорлигига тўхталди.

«Meta билан бирга яқиндан ишлаяпмиз. Биз, АОКА интернетнинг ўзбекзамон сегментида ишлатиладиган, «бан» категориясига кирадиган қўпол ва ҳақорат сўзларнинг ҳар хил вариантини йиғиб чиқдик. Битта нарсани тан олишимиз керак, [ҳақорат сўзларни] ёзаётганларнинг фантазияси жуда кенг экан. Йиғилган сўзлар сони роса ошиб кетди. Улар ҳар хил вариацияда: кириллча, лотинча, аралаш ва инглизча… Таълим даражасидан келиб чиқиб, кимдир тўғри ёзади, кимдир хато ёзади. Улар йиғилганда бу сўзларнинг ҳажмига ўзимиз ҳам ҳайрон бўлдик. Улардан ҳатто битта луғат ясаса ҳам бўларкан.

Ҳозир бу йўналишда Meta билан ишлаяпмиз. Meta ўзининг сунъий интеллекти билан биргаликда бизга ёрдам беради. Meta платформалари – Facebook ва Instagram'да бу сўзлар пайдо бўлмаслиги exey ёрдам беришга ваъда беришди. Аминмизки, бу ҳамкорлик жуда зўр мева беради», деди Саиджонов.

Унинг айтишича, Meta вакили билан ўрнатилган доимий алоқа орқали АОКА юборган сўровларнинг қарийб 80 фоизи «ижобий» ҳал қилинган. Бошқача айтганда, Meta компанияси Facebook ва Instagram'да Ўзбекистон расмийлари ноқонуний деб ҳисоблаган контентларнинг катта қисмини ўчириб ташламоқда.

«Биз мониторинг олиб борувчи орган бўлганимиздан кейин, бизга бу экстремизм ҳолатлари Instagram'да ҳам, Facebook'да ҳам жуда яхши кўринади. Meta билан биз зўр платформа қилдик, яъни бу мавзудаги мурожаатларимизни жуда тез ҳал қилиб беришади.