Жаҳон | 08:41 / 16.06.2025
7048
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўзининг ядровий арсеналини ҳаммадан тезроқ кучайтирмоқда

Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) 2025 йил учун йиллик ҳисоботида барча ядровий давлатлар иштирок этаётган янги ядровий қуролланиш пойгаси бошланганини билдирди.

Фото: Mark Schiefelbein / AP

Дунё янги ядровий қуролланиш пойгасининг гувоҳи бўляпти, унда деярли барча тўққиз ядровий давлат — АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил ўзларининг ядровий арсеналларини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича жадал дастурларни амалга оширмоқда, дейилади Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI)нинг 56 йиллик ҳисоботида.

Янги ядро қуролларини жойлаштириш жадаллашиб бормоқда ва яқин йилларда янги жанговар каллаклар сонининг ўсиши эскиларини демонтаж қилиш тезлигидан ошиб кетади, деб ҳисоблайди SIPRI. «Совуқ уруш тугаганидан бери давом этган дунёда ядро каллакларининг умумий сонини қисқартириш даври якунланмоқда», деди ҳисобот ҳаммуаллифларидан бири, SIPRI «Оммавий қирғин қуроллари» дастури тадқиқотчиси Ханс М.Кристенсен. «Бунинг ўрнига, ядровий арсеналларнинг кўпайиши, ядровий риториканинг кучайиши ва ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича келишувларни рад этиш тенденцияси аниқ», — дейди Кристенсен.

SIPRI экспертларининг қайд этишича, бу фонда Хитойнинг ядро салоҳияти айниқса тез ўсиб бормоқда. 2023 йилдан бери Хитой армияси ўз арсеналини ҳар йили 100 га яқин ядро каллакларига кўпайтирмоқда ва жами захиралар тез орада 600 та каллакка етади. Шу билан бирга, Хитой қитъалараро баллистик ракеталар учун юзлаб янги шахталар қурмоқда, бу эса 2020-йилларнинг охирига бориб Россия ва АҚШ билан тенгликка олиб келиши мумкин, деб тахмин қилмоқда SIPRI. Бу суръатда Хитой 2035 йилга бориб 1500 та жанговар каллакдан иборат арсенални тўплаши мумкин, аммо шунга қарамай, у Россия ва Америка захираларидан сезиларли даражада кичикроқ бўлади. Шимолий Корея кичикроқ миқёсда бўлса-да, ядровий арсеналини ошириш мақсадини агрессивлик билан таъқиб этмоқда, дея хулоса қилади SIPRI.

Мавзуга оид