АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 21 июндан кучга кирадиган виза суҳбатларидаги янги талаблар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, эндиликда F, M ёки J ноиммиграцион визасига мурожаат этувчи барча шахслардан, уларнинг шахсини ва АҚШга кириш ҳуқуқини аниқлаш учун зарур бўлган текширувни осонлаштириш мақсадида, барча ижтимоий тармоқ аккаунтларидаги махфийлик созламаларини «оммавий» ҳолатга ўтказишлари сўралмоқда.
«Биз, виза мурожаатларини текшириш ва саралаш жараёнида, АҚШ ҳудудига кириши мумкин бўлмаган, жумладан АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи шахсларни аниқлаш учун, барча мавжуд маълумотдан фойдаланамиз. 2019 йилдан бери, Америка Қўшма Штатлари виза мурожаатчиларидан, иммиграцион ва ноиммиграцион визага мурожаат этиш учун тўлдирилган формаларида ижтимоий тармоқ идентификаторларини кўрсатишларини талаб этади.
Визага мурожаат этиш учун тўлдирилган DS-160 формасида, мурожаатчилар сўнгги 5 йил мобайнида ижтимоий тармоқларда фойдаланган барча исмлар ва тахаллусларини киритишлари талаб этилади. Формани имзолаб юборишдан аввал, мурожаатчилар тўлдирилган DS-160 формадаги барча маълумот тўғри ва ҳаққоний эканлигини тасдиқлашлари зарур. Ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ маълумотни киритмаслик, виза мурожаати бўйича рад жавоби берилишига ҳамда келгусида виза олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишга олиб келиши мумкин», дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси баёнотида.
F, M ва J қандай визалар?
АҚШда F, M ва J тоифасидаги ноиммиграцион визалар – бу вақтинча яшашга мўлжалланган визалар бўлиб, улар асосан таълим, касбий ўқиш ёки алмашинув дастурларида иштирок этиш учун берилади.
F визаси — Academic Student Visa. АҚШдаги аккредитацияланган коллеж, университет, ўрта мактаб (high school), тил курслари ёки бошқа академик муассасаларда ўқимоқчи бўлган талабалар учун берилади. Ушбу талабанинг турмуш ўртоғи ёки фарзандларига ҳам F1 ёки F-2 тоифасидаги виза берилади. Ушбу виза билан талабалар университет ҳудудида чекланган ҳолда, ўқиш шартларини бузмасдан ишлаши мумкин.
M визаси – Vocational Student Visa. Техник ёки касбий ўқув муассасаларида таҳсил олишни истовчилар учун берилади. Касбий дастур талабасининг оила аъзоларига эса M-1 ёки M-2 визаси берилади. Ушбу виза билан ўқиш давомида ишлаш мумкин эмас, фақат битиргандан кейин чекланган муддатда амалиётга рухсат берилади.















