Теҳрондагилар жавоб ҳужумларини АҚШга эмас, Исроилга қаратиши мумкин, бу орқали Америкадан такрорий ҳужумлар бўлишининг олдини олиш ва Исроилни максимал жазолашга эришиш мумкин, дейди Камолиддин Раббимов. Шавкат Икромовга кўра, катта эҳтимол билан Эрон ядро дастурини сақлаб қолган: матбуотдаги маълумотлар ҳамда Эрон ва Россия раҳбариятининг бу ҳужумларга вазмин муносабати шундан дарак беради.
Эрон ўз ядро дастурига АҚШнинг ҳужумидан кейин Америкага тўғридан тўғри ҳарбий жавобни кўриб чиқмоқда. Жавоб тезкор бўлмаганига қараганда, унинг ортида вазминлик билан қилинаётган стратегик ҳисоб-китоблар, Россия каби иттифоқчиларнинг роли ва бошқа омиллар ётган бўлиши мумкин.
Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури жонли эфирдаги сонида сиёсатшунослар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимов сўз юритди.
Шавкат Икромов: Назаримда Эрон жавоб бермади дейишга ҳали эрта, чунки воқеалар соат сайин ўзгариб боряпти. Қолаверса, АҚШнинг ядро иншоотларга берган зарбалари қанчалик самарали бўлгани ҳам даргумон. Агар ҳақиқатан ҳам Эронда ядровий дастурлари тўлалигича йўқ қилинган бўлганда, мазкур ҳолатда Теҳроннинг реакцияси бошқачароқ бўлган бўлар эди. Маълумотларга қараганда, Фордо ёки Натанздаги ядровий объектларда мавжуд захиралар ҳужумдан олдин олиб чиқиб кетилган. Яъни центрифугалар уч кун олдин эвакуация қилиниб, уларнинг хавфсизлиги таъминланган. Шунингдек, Эрон ўзини жудаям вазмин тутаётганига қараганда, ҳақиқатан ҳам Теҳрон ўзининг ядро дастурини сақлаб қола олди.
Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Эрон уранни бойитишга тўлиқ ҳақли, Россия эса бунга ҳар томонлама ёрдам бермоқда. Ҳозир Эронда ядро дастури бўйича кўмаклашаётган 200 дан ортиқ россиялик вакил бор, тез орада уларнинг сони 600 дан ошиши кутиляпти. Россиянинг бу ҳақдаги баёноти мавжуд воқеалар билан бир вақтда янгради.
Россия Эроннинг яқин иттифоқчисига айланган ва Москва бу жараёнлардан жиддий хавотирга тушмаётгандек кўринмоқда. Шу нуқтайи назардан қараганимизда, Эрон ўзининг ядро дастурини ва бойитилган уранни ўзида сақлаб қолди дейишимиз мумкин. АЭХА бераётган дастлабки хулосалар ҳам буни тасдиқлаяпти.
Камолиддин Раббимов: Эроннинг тўғридан тўғри Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилиш эҳтимоли кам. Эрон бутун ўчини Исроилга қаратади ва бу орқали Исроилни кўпроқ жазолайди. Расмий Теҳрон АҚШнинг объектларига эмас, Исроилга ҳужум қилиш орқали, бир вақтнинг ўзида иккита вазифани бажаради: Исроилга максимал жароҳат етказиш ва Американинг катта урушга кириб келишига имконият бермаслик.














