CNN нашри ушбу масала билан таниш бўлган тўрт манбасига таяниб ёзишича, сўнгги икки ҳафта давомида Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳарбий тўқнашувга қарамай, АҚШ ва Яқин Шарқдаги муҳим шахслар Эрон расмийлари билан яширинча музокаралар олиб борган. Ушбу мулоқотлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин ҳам давом этган.
Трамп администрацияси расмийлари бир нечта таклифлар илгари сурган. Таклифлар дастлабки босқичда бўлиб, ҳали ўзгарувчан, аммо битта қатъий шарт мавжуд: Эрон томонидан уран бойитилишининг бутунлай тақиқланиши. Эрон эса бу талабга аввалдан қаршилик билдириб келмоқда.
Бироқ CNN'га икки манба томонидан таърифланган дастлабки таклиф лойиҳасида Эрон учун бир нечта имтиёзлар назарда тутилгани айтилади.
Манбаларга кўра, 21 июн куни – АҚШ Эрон ядро объектларини бомбардимон қилишидан бир кун олдин, Оқ уйда АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Форс кўрфази давлатлари вакиллари ўртасида бир неча соат давом этган махфий учрашув бўлиб ўтган. Айнан шу ерда айрим таклифларнинг тафсилотлари аниқлаштирилган.

Бу пайтгача оммага маълум бўлмаган муҳокама қилинаётган шартлардан бири — Эронда фуқаровий энергияга мўлжалланган, аммо уран бойитилмайдиган ядровий дастур учун 20-30 миллиард долларгача сармоя киритиш таклифи. Бу таклиф ҳақида Трамп маъмурияти расмийлари ва мазкур таклифдан хабардор манбалар CNNга маълумот берган.
Расмийлардан бирининг таъкидлашича, бу пул АҚШ томонидан ажратилмайди; АҚШ ушбу харажатларни араб иттифоқчилари зиммасига юклаш ниятида. Эронга ядровий энергетика соҳасида сармоя киритиш масаласи аввалги ойлар давомида бўлиб ўтган музокараларда ҳам кўтарилган.
«Биз ушбу музокараларга раҳбарлик қилишга тайёрмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун кимдир пул тўлаши керак бўлади, аммо бу биз бўлмаймиз», — деган Трамп маъмурияти расмийси CNNга.
Бошқа имтиёзлар қаторида, баъзи санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг хорижий банк ҳисобларида блокланган 6 миллиард доллар миқдоридаги маблағдан фойдаланишга рухсат берилиши ҳам кўзда тутилмоқда.




















