Жаҳон | 13:54 / 01.07.2025
1658
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ Украина учун ярим миллиард долларлик траншни маъқуллади

Кенгайтирилган кредитлаш механизми орқали Киевга яна 500 миллион долларлик транш берилди. Март ойининг охирида ХВЖ Украинага бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик транш ажратишни маъқуллаганди.

Фото: Yuri Gripas / Reuters

Украина Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)дан яна ярим миллиард АҚШ доллари миқдоридаги кредит транши олади. Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши Киевга кенгайтирилган кредитлаш механизми (EFF) орқали ушбу траншни ажратишни маъқуллади, дея хабар беради фонд ўзининг расмий сайтида 30 июн, душанба куни. Украина учун EFF 2023 йил 31 мартда тасдиқланган.

«Халқаро валюта жамғармаси ижроия кенгаши бугун EFF'нинг саккизинчи шарҳини якунлади, бу ҳукуматга бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 0,5 миллиард доллардан фойдаланиш имконини берди. Бу ХВЖ томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур доирасидаги тўловларнинг умумий ҳажмини 10,6 миллиард долларга етказади», дейилади ҳужжатда.

Март ойи охирида ХВЖ Украина давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик транш ажратилишини маъқуллади. Жамғарманинг таъкидлашича, оғир шароитларга қарамай, Украина ҳукумати барча миқдорий мезонларга жавоб беришга ва янги тўловни олиш учун таркибий кўрсаткичларнинг аксариятига эриша олди.

30 июн куни Украина Молия вазирлиги дефолт хавфи туфайли Украина кредиторларга ялпи ички маҳсулотнинг варрантлари — давлат облигациялари бўйича давлат қарзи билан боғлиқ 665 миллион доллар миқдоридаги тўловни тўлай олмаслигини маълум қилди.

Киев 2 июн куни амалга ошириши керак бўлган тўлов 2023 йилдаги иқтисодий ўсиш билан боғлиқ. Украина бу қарзни 2024 йилда тўлаши керак эди, бироқ ўшанда унинг расмийлари облигациялар тўловларига мораторий жорий қилди. Энди Киев қарз қайта тузилмагунча мораторий ўз кучида қолишини айтди.

Бу суммани тўламаслик давлатнинг иқтисодий барқарорлигини бузмайди, чунки ўтган йили Киев кредиторлар билан шартномалардан ўзаро дефолт бандини олиб ташлашга келишиб олган эди, дея таъкидлади Молия вазирлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид