Екатеринбург суди тергов 2001-2011 йилларда озарбойжон диаспораси вакилларини ўлдириш ва суиқасд қилишда гумон қилган етти кишини тергов изоляторига ташлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Маҳаллий нашрлар хабар беришича, шу кунларда шаҳарда келиб чиқишига кўра озарбойжонлик бўлган гуруҳ вакилларини қўлга олиш бўйича рейд ўтказилган, бу хавфсизлик кучлари томонидан куч ишлатилиши билан кечган. Гумонланувчиларнинг икки нафари қўлга олиш вақтида вафот этган, қолганлари калтаклаш излари билан судга олиб кетилган. Озарбойжон Россиядан хавфсизлик кучларининг рейд пайтидаги ҳаракатларини текширишни талаб қилмоқда ва аллақачон мамлакатда Россия томонидан режалаштирилган барча маданий тадбирларни бекор қилмоқда ва «ФХХ жосуслари»ни қўлга олмоқда. Қуйида ака-ука Сафаровлар иши бўйича асосий маълумотлар келтирилади.

Екатеринбургдаги рейд

2025 йил 27 июн куни Екатеринбургда келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлганлар оммавий тарзда қўлга олиниши кузатилди: 2001–2011 йилларда содир этилган қотилликлар ва суиқасдларга алоқадорлиги текширилиши учун 50 га яқин киши Тергов қўмитасига етказилган.

Икки асосий гумонланувчи, ака-ука Гусейн ва Зияддин Сафаров қўлга олиш ҳаракатлари вақтида вафот этган, уларнинг юрагидаги муаммолари бўлгани айтилган. E1 нашри хабарига кўра, улар қўлга олиш чоғида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Яна уч киши шифохонага тушиб қолган, улардан бири – Камол Сафаров – жонлантириш бўлимида қолмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, бу иш жами 15 кишини қамраб олган, улар орасида Сафаровлар оиласининг тўққиз вакили, шунингдек Аҳлиман Ганжиев ва Азиз Аббосов ҳам бор.

Кейинги куни Тергов қўмитасининг Свердловск области бўйича бошқармаси «этник жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани»ни эълон қилди. Унинг аъзоларига нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, буюртма асосида одам ўлдириш ва суиқасд қилиш ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Тергов версиясига кўра, қўлга олинганлар 2001 йил май ойида «Каспий» кафеси (ака-ука Сафаровларга тегишли) ёнида пичоқланиши оқибатида шифохонада вафот этган, келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлган екатеринбурглик Юнис Пашаев ўлдирилишига алоқадорликда гумонланмоқда. Шаҳардаги E1 нашри ёзишича, ўшанда терговчилар ака-ука Сафаровларга айблов эълон қила олмаган, лекин Пашаев жон беришидан олдин уларни кўрсатишга улгурганди.

E1 хабарига кўра, қўлга олинганлар Екатеринбургда яшовчи яна бир асли озарбойжонлик Феҳруз Ш.га 2011 йил май ойида уюштирилган суиқасдда ҳам гумонланмоқда. Ўшанда тергов ижрочини қўлга олишга муваффақ бўлганди (у ҳозирда қамоқ муддатини ўтамоқда), аммо буюртмачиларга етиб бора олмаганди. Нашрнинг ёзишича, ишдаги учинчи эпизод 2011 йил ёзида шаҳардаги сабзавот базаларидан бирининг эгаси Икром Гаджиев ўлдирилиши билан боғлиқ.