Курск областида Россия ҳарбий-денгиз флоти бош қўмондони ўринбосари Михаил Гудков ҳалок бўлди, деб хабар берди Приморе ўлкаси губернатори Олег Кожемяко.

Ўз вақтида Михаил Гудков қўмондонлик қилган 150-бригаданинг базаси айнан Узоқ Шарқдаги ушбу ўлкада жойлашганди ва Кожемяко у билан яқиндан таниш бўлган.

Кожемяконинг сўзларига кўра, Гудков «полкдошлари билан бирга зобитлик бурчини бажариш чоғида» ҳалок бўлган. Губернатор у билан бирга ҳалок бўлганлар қаторида офицер Нариман Шихалиевни ҳам санаб ўтган. Кожемяко Гудков ва қуролдошларининг ўлими тафсилотлари ва бу қачон рўй берганига аниқлик киритмаган.

РФ мудофаа вазирлиги Гудковнинг ўлимини тасдиқлаган. Вазирликка алоқадор «Звезда» каналида берилган хабарда айтилишича, Гудков «2 июл куни Курск областининг чегара ҳудудларидан бирида жанговар вазифаларни бажариш чоғида ҳалок бўлган».

Украинадаги телеграм-каналлар ва нашрлар (хусусан, «РБК-Украина») Гудков «йўқ қилингани» ҳақида ёзган, шу кунларда у ва унинг сафдошлари ўлими ҳақида россиялик пропагандачилар ҳам хабар берганди. Айрим телеграм-каналларга кўра, Гудков бошқа 10 дан ортиқ офицер билан бирга Коренево районида, чегара яқинидаги қўмондонлик пунктига Украина қуролли кучлари томонидан йўлланган зарба қурбони бўлган, аммо бу қачон рўй берганига аниқлик киритилмаган.

Денгиз пиёдаларининг «Тайфун» жамоат ташкилоти томонидан эълон қилинган некрологда айтилишича, Украина қуролли кучлари 2025 йил 2 июл куни 155-денгиз пиёдалари бригадаси қўмондонлик пунктига ракета зарбаси йўллаган. Кореневода олдинги чизиқдаги пунктга тўртта ракета келиб тушиши оқибатида 10 дан ортиқ киши, жумладан, Гудков ва яна бир неча катта офицерлар ҳалок бўлган.

Генерал-майор Михаил Гудков Тинч океани флотининг 155-алоҳида гвардиячи денгиз пиёдалари бригадаси қўмондони эди. Жорий йил 28 мартида Россия президенти Владимир Путин Гудковни Ҳарбий-денгиз флоти бош қўмондони ўринбосари этиб тайинлаганди. «Барча денгиз пиёдалари ўзларини энг яхши тарзда кўрсатаётганига қарамай, барча бўлинмаларни сиз 155-бригадани олиб келган жанговар тайёргарлик ва самарадорлик даражасига етказиш керак», — деганди Путин «Архангелск» атом сув ости крейсери денгизчилари билан мулоқот чоғида.

Украинага босқиннинг илк даврида 155-денгиз пиёдалари бригадаси Киев атрофидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Кейинроқ бригада Мариупол штурмида ҳам қатнашган. У Курск областининг Суджа шаҳрини қайтариб олиш учун жангларда жиддий йўқотишларга учраганди.